Туркия Шушада консуллик очиб, Арманистонга сигнал бермоқчи. Эрдўған Бакуда
Олам
−
13 Июнь 2023
5585Туркия Озарбайжоннинг 30 йил Арманистон ишғоли остида бўлган Шушада бош консуллик очишга тайёр. Бу ҳақда Президент Ражаб Тойиб Эрдўған бугун, 13 июнь куни Бакуга ташрифи чоғида, озарбайжонлик ҳамкасби Илҳом Алиев билан кенгайтирилган таркибдаги музокараларнинг очиқ қисмида айтиб ўтди.
Туркия раҳбарининг сўзларига кўра, Озарбайжоннинг маданий пойтахтида Туркия дипломатик ваколатхонасининг очилиши нафақат Арманистон, балки бутун дунёга аниқ сигнал бўлади.
Туркия давлати раҳбари Туркия ва Озарбайжон ўртасидаги қардошлик ришталарини “бутун дунё учун намуна” деб атади.
Сиёсатчининг таъкидлашича, икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик февраль ойида содир бўлган ҳалокатли зилзилалар оқибатларини бартараф этишда намоён бўлган.
“Озарбайжон ҳукумати ва халқи Туркиянинг қайғусини ўз қайғусидек қабул қилди. Қутқарув гуруҳлари зудлик билан фалокат ҳудудига етиб келди. Туркияда юраги ҳамнафас уриб турган Озарбайжоннинг ҳар бир фуқаросига Туркия ва турк халқи номидан миннатдорлик билдираман”, дейди давлат раҳбари.
Президент Эрдўғаннинг сўзларига кўра, Шуша декларацияси шарофати билан Анқара ва Баку ўртасидаги алоқалар иттифоқчилик даражасига кўтарилган ва турк томони дўст Озарбайжон билан ҳамкорликни янада ривожлантиришга бел боғлаган.
“Озарбайжон томони айтиши билан биз Шушада бош консуллик очишга тайёрмиз. Ҳоқон бей [Ҳоқон Фидан – Ташқи ишлар вазири] бу масалани кечиктирманг. Шушада бош консуллигимиз очилса, бу бутун дунёга, жумладан Арманистонга ҳам алоҳида хабар бўлади”, дейди Эрдўған.
Сиёсатчи Туркия таълим жамғармасининг Озарбайжондаги фаолиятига яна эътибор қаратди.
“Келгуси йили мактабимиз янги кампусда ишлай бошлайди”, дейди Президент.
Туркия Президенти Озарбайжон Президенти билан Каспий денгизи орқали Ўрта транспорт йўлаги орқали юкларни етказиб бериш масаласини, жумладан, Баку-Тбилиси-Карс темир йўлининг ишга туширилиши контекстида ҳам муҳокама қилганини айтди.
Маълумот учун, Шуша – Озарбайжоннинг маданий пойтахти. У нафақат Озарбайжон ёки Қорабоғ, балки Кавказ маданиятининг бешиги, десак хато бўлмайди. Қарийб 300 йиллик тарихга эга мазкур шаҳар 2020 йил ноябрь ойида 44 кун давом этган ҳарбий ҳаракатлардан сўнг арман истилосидан озод этилди. Бу тарихий адолат тантанаси эди. Озарбайжон халқи ва Туркий дунё учун алоҳида аҳамиятга эга бўлган ушбу шаҳар 2023 йил Туркий дунё маданий пойтахти мақомини олди.