Туркия Россия сабаб Суриядаги ҳарбий операциясини тўхтатди

Олам 10236
image

Туркия Россиянинг позицияси туфайли Сурия шимоли-шарқидаги Айн-Исса минтақасида ҳарбий операцияни тўхтатди. Бу ҳақда “Hurriyet” нашри хабар берди.

Нашрга кўра, Россия М4 халқаро автомагистрали ўтган ҳудудда ҳарбий ҳаракатлар олиб боришни маъқулламаган. Магистрал Айн-Иссадан ўтиб, шарқда Хасака, Раққа ва Дайр-аз-Зор, шимолда эса Ҳалаб шаҳарларини боғлайди. Таъкидланишича, Россия бу ҳудудга янги қўшимча кучларни юборган.

“Россия билан музокаралар чоғида Суриянинг Раққа шаҳри шимолий чеккасидаги Айн-Исса ҳудудида режалаштирилган операцияга тайёргарлик тўхтатилгани маълум бўлди. Россия Айн-Исса ҳудудидаги операцияни маъқулламаган”, дейилади хабарда.

Жорий йилнинг 1 июнь куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған мамлакат Сурия шимолидаги Телль-Рифъат ва Манбиж шаҳарларида 30 километрлик хавфсизлик зонасини яратиш учун янги аксилтеррор операциясини бошлашини маълум қилган эди. Унинг таъкидлашича, яқин орада Туркия Суриянинг бошқа чегарадош ҳудудларини террорчилардан тозалайди.

Кейин Эрдўған хавфсизлик зонасини яратиш бўйича ўз мажбуриятларини бажармаган Россия ва АҚШдан шикоят қилди. Сурия Ташқи ишлар вазирлиги эса Туркиянинг амалиётларини ноқонуний деб ҳисоблаб, этник тозалаш билан қиёслади.

Россия Президенти Владимир Путин ва Эрдўған 30 май куни музокара ўтказди. Улар минтақадаги сиёсий масалаларни муҳокама қилди, аммо Кремль Сурия бўйича суҳбат ҳақида хабар бермади.

4 июнь куни “Анадолу” ахборот агентлиги манбаларга таяниб, Россия кучлари ўз позицияларини мустаҳкамлаш учун Сурия шимолидаги Телль-Рифъат ва унинг атрофидаги ҳудудларда разведка ўтказганини хабар қилди. 

Уларга кўра, Россия Ал-Қамишли аэропортида мудофаа тизимини ўрнатишга ҳаракат қилмоқда, шунингдек, Айн-Исса, Телль-Тамр, Манбиж, Айн аль-Араб ҳудудларида ҳарбий хизматчилар сонини оширяпти.

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 281
Рейтинг: 3
t
×