Туркия разведкаси ИШИД етакчисини йўқ қилди
Олам
−
01 Май 2023
5422Туркия разведка кучлари Сурияда ИШИД етакчиси Абу Ҳусайн ал-Қурайшийни ўлдирди. Бу ҳақда кеча, 30 апрель куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған “TRT Turk” телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди.
“Бу шахс кеча Туркия миллий разведкаси томонидан Суриядаги операция доирасида зарарсизлантирилди”, деган Эрдўған.
Шунингдек, у разведка ташкилоти узоқ вақт давомида Қурайшийни таъқиб қилганини айтган.
Суриянинг маҳаллий ва хавфсизлик манбалари эса рейд мамлакат шимолидаги Жандарис шаҳрида бўлиб ўтганини тасдиқлаган. Бу шаҳар февраль ойидаги вайронкор зилзилалар оқибатида энг кўп зарар кўрган бўлиб, уни Туркия томонидан қўллаб-қувватланган исёнчи гуруҳлар назорат қилади.
Аҳоли вакилларидан бирининг айтишича, Жандарис чеккасида 30 апрелга ўтар кечаси тўқнашувлар бошланган ва тахминан бир соат давом этган. Кейинроқ ҳудуд ҳеч ким яқинлашмаслиги учун хавфсизлик кучлари томонидан ўраб олинган.
Маълумот учун, ИШИД 2022 йилнинг ноябрида Сурия жанубидаги операцияда террористик ташкилотнинг аввалги етакчиси ўлдирилганидан кейин ал-Қурайшийни етакчи қилиб танлаган.
ИШИД 2014 йилда Ироқ ва Суриянинг катта қисмини эгаллаб олди ва унинг ўша пайтдаги раҳбари Абу Бакр ал-Бағдодий миллионлаб одамлар яшайдиган ҳудуд бўйлаб исломий халифаликни эълон қилди.
Аммо ИШИД Сурия ва Ироқда АҚШ, Эрон, Россия ва турли ҳарбийлаштирилган кучлар томонидан қўллаб-қувватланган Сурия кучлари олиб борган кампаниялардан сўнг ҳудуддаги ўз назоратини йўқотди.
Унинг қолган минглаб жангарилари сўнгги йилларда асосан иккала мамлакатнинг чекка ҳудудларида яширинган, аммо улар ҳали ҳам йирик ҳужумларни амалга ошириш имкониятига эга.
АҚШ бошчилигидаги коалиция курдлар бошчилигидаги “Сурия демократик кучлари” деб номланувчи альянс билан биргаликда Сурияда ИШИДга қарши рейдларни давом эттирмоқда.