Туркия президентлик сайловининг 2-тури нечта давлатда ўтказилиши маълум бўлди

Олам

image

Жорий йилнинг 28 май куни Туркияда бўлиб ўтадиган президентлик сайловларининг иккинчи тури доирасида овоз бериш жараёни дунёнинг 73 мамлакатида ташкил этилади. Бу ҳақда Туркия Ташқи ишлар вазирлигида маълум қилинди.

Овоз бериш пунктлари 20 майдан бошлаб хориждаги 167 нуқтада 151 нафар Туркия ваколатхонаси томонидан очилади. Ўтказиш пунктида овоз бериш жараёнлари 20 майдан 28 майгача давом этади.

Хорижда яшовчи Туркия фуқаролари олий сайлов комиссияси веб-сайтида (ysk.gov.tr) овоз бериш жойларининг санаси, вақти ва манзилларини билиб олишлари мумкин.

Маълумот учун, 20 майдан бошлаб сайловнинг биринчи босқичида нисбатан кўп овоз тўплаган амалдаги Президент Ражаб Тойиб Эрдўған ва мухолифат етакчиси Камол Қиличдорўғли телевидение ва радио орқали сайловолди ташвиқотини олиб боришлари мумкин бўлади. 27 май куни маҳаллий вақт билан соат 18:00 дан Туркияда сайловолди ташвиқоти ва чекловлари, хусусан, ичимлик шохобчалари фаолияти ва спиртли ичимликлар сотиш тақиқланади ва бу 28 май куни соат 24:00 гача амал қилади.

Иккинчи босқичнинг дастлабки расмий натижалари 29 май куни, якуний натижа эса 1 июнь куни ҳукумат бюллетенида эълон қилинади. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 14 май куни бўлиб ўтган сайловларда республика президентлигига уч номзоднинг бирортаси ҳам 50 фоиздан кўпроқ овоз ололмаганди. Биринчи турда Туркиянинг амалдаги Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған 49,51%, мухолифат етакчиси Камол Қиличдорўғли 44,88%, “Аждодлар” сиёсий блоки вакили Синан Оған эса 5,17% овоз олди. АҚШ, Буюк Британия, Жанубий Корея, Бирлашган Араб Амирликлари, Баҳрайн қироллиги, Хитой Халқ Республикаси, Эстония, Италия, Япония, Уммон султонлиги, Испания, Сингапур, Ирландия, Исроил, Янги Зеландия, Швеция, Швейцарияда яшаётган туркияликларнинг кўп қисми Қиличдорўғлини қўллаб-қувватлаган бўлса, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Озарбайжонда Эрдўғаннинг қўли баланд келди. Бироқ умумий ҳисобда ҳеч бир номзод 50 фоиздан кўп овоз тўплолмагач, Туркия Марказий сайлов комиссияси раиси Аҳмад Енер мамлакатда президентлик сайловининг 2-тури 28 май куни ўтказилишини маълум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия сайлов Эрдўған Қиличдорўғли 2-тур

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг