Туркия парламентида депутатлар оммавий муштлашди (видео)
Олам
−
05 Март 2020
14680Туркия Буюк Миллат Мажлиси йиғилишида мамлакат Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг шаънига айтилган ёмон сўзлар учун депутатлар орасида жанжал чиқди.
Milliyet нашрининг хабар беришича, парламентда Идлибдаги ҳодисалар муҳокама қилинаётганда мухолиф Республикачи халқ партияси вакили Энгин Ўзкўч Ражаб Тойиб Эрдўғанни ҳақорат қилган. Бунинг ортидан “Адолат ва тараққиёт” партияси ва РХМ вакиллари ўртасида 10 дақиқа давом этган муштлашув юз берган.
Муштлашув Ўзкўч Эрдўғаннинг Республика халқ партияси етакчиси Камол Қиличдорўғлуга қўяётган айбловларига танқидий муносабат билдираётганида юз берган. Туркия Президенти РХП етакчисини Идлибда вазият кескинлашган бир вақтда Сурия Президенти Башар Асад билан музокара ўтказишни таклиф қилгани учун “сотқин” деб атаган. Ўзкўч ўз навбатида Эрдўғанни Идлибдаги ҳарбий ҳаракатларда қурбон бўлган турк ҳарбийларига нисбатан “калла” (жасадга нисбатан қўлланиладиган жаргон сўз) сўзини қўллаганликда ҳамда сотқинликда айблаган.
РХП етакчиси Камол Қиличдорўғлу партия аъзоларининг йиғилишидаги нутқида Сурияда ўнлаб турк ҳарбийлари ҳалок бўлган бир пайтда Эрдўған Путин билан учрашув ўтказишини кескин танқид қилган. Унинг фикрича, айнан Эрдўған Суриянинг Идлиб вилоятидаги вазиятни эплай олмаган.
Анқара Бош прокуратураси “Президентни ҳақоратлагани” учун Ўзкўчга нисбатан иш очган.
Эслатиб ўтамиз, Туркия Суриянинг Идлиб вилоятида “Баҳор қалқони” операциясни бошлаб юборди. Вилоятдаги кескин вазиятни юмшатиш ва ўзаро муросага келиш учун бугун, 5 март куни Туркия ва Россия Президентлари Москвада учрашади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь