Туркия парламентида депутатлар муштлашиб кетди (видео)
Олам
−
16 Август
8034Туркия парламенти – Буюк Миллат Мажлисида ўтказилган йиғилишда депутатлар муштлашди. Бу ҳақда “Hürriyet” хабар берди.
Газетанинг ёзишича, мамлакат парламенти раиси ўринбосари Бекир Боздаг раислигида навбатдан ташқари йиғилиш ўтказилган. Мажлис чоғида жанжал келиб чиққан ва депутатлар ўзаро тортишган. Парламентдаги мажлис уч марта тўхтатилган.
Муштлашувга Туркия ишчилар партияси депутатининг иқтидордаги “Адолат ва тараққиёт” партияси вакилларига нисбатан ҳақоратли сўзлари сабаб бўлган. 3 та депутат тан жароҳати олган. Ушбу мажлис 2023 йилда депутатлик мандатини йўқотган ва қамоққа олинган Жан Аталай масаласи бўйича ўтказилган.
Навбатдан ташқари йиғилишга раислик қилган “Адолат ва тараққиёт” партиясидан Туркия Буюк Миллат Мажлиси раиси ўринбосари Бекир Боздаг сўзни Аҳмет Шикка берган. Минбарга чиққан парламент аъзоси Шик ҳукмрон партия депутатларига қарата “Сизда заррача уят йўқ, қадрингиз йўқ”, деган ва уларни сўккан.
Шундан сўнг “Адолат ва тараққиёт” партияси аъзолари минбарга чиқиб, уни итариб юборган ва муштлашув келиб чиққан. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода жароҳат олган депутатларнинг ерга томган қонини кўриш мумкин. “Адолат ва тараққиёт” партияси аъзоси Абдуллаҳ Гулер Шикка “Овозингни ёп” деб қичқирган. Шик ўзига берилган реакцияларга “Сен овозингни ёп, ҳароми” деб жавоб берган.
Жанжал “Адолат ва тараққиёт” партиясининг Измирдаги депутати Алпай Ўзалан Шикка мушт тушириши билан авж олган, бу парламентда депутатлар ўртасида кенг муштлашувга олиб келган.
BBC'нинг ёзишича, муштлашувда DEM партияси аъзоси Гулистон Қилич Кўчйигит жиддий яраланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Арманистон ҳамда Грузия парламентида ҳам депутатлар муштлашиб кетганди.
LiveБарчаси