Туркия Нетаньяхунинг Озарбайжонга парвози учун ўз ҳаво ҳудудини очмайди – ТИВ

Олам

image

Ижтимоий тармоқларда Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг Озарбайжонга Туркия ҳаво ҳудуди орқали учиши ҳақида хабарлар тарқалди. Туркия Ташқи ишлар вазирлиги ва Президентлик Алоқа бошқармаси эса бу ҳақдаги даъволарни қатъиян рад этди.

“Исроил Бош вазирининг самолётига ҳаво ҳудуди орқали учиш изни берилгани ҳақидаги даъволар мутлақо ҳақиқатга тўғри келмайди. Бу борада бизга ҳеч қандай расмий сўров ҳам келиб тушмаган”, дейилади баёнотда.

Президент ҳузуридаги Алоқа бошқармаси ҳам айрим ижтимоий тармоқларда тарқалган “Туркия Нетаньяху самолёти учун ҳаво ҳудудини очди” деган хабарни инкор қилиб, тегишли баёнот берди.

“Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг 8 май куни Озарбайжонга амалга оширадиган ташрифи доирасида Туркия ҳаво ҳудуди орқали учиши ҳақида ҳеч қандай гап мавжуд эмас. Туркия Исроилнинг Ғазога қарши олиб бораётган геноцид сиёсати сабабли ҳаво ҳудудини Исроил самолётларига ёпган. Туркия Фаластин халқининг адолатли курашини қўллаб-қувватлашда давом этади. Асоссиз даъволарга ишонманг”, дейилади баёнотда.

Қайд этиш жоиз, 2024 йил ноябрь ойида Туркия Исроил билан дипломатик алоқаларни узган эди. Орадан бир муддат ўтгач эса Исроил Президенти Исхак Герцог Озарбайжонда бўлиб ўтадиган БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича конференциясига (CОП29) сафарини Туркия унинг самолётини ҳаво ҳудуди орқали ўтказишдан бош тортгани учун бекор қилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ жорий йилнинг май ойида Биньямин Нетаньяху расмий ташриф билан Озарбайжон Республикасига ташриф буюриши ҳақида хабар берилган эди. Кейинроқ унинг ташрифи жорий йилнинг 8 май кунига режалаштирилгани маълум бўлди. Айнан ўша кунларда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ҳукумат аъзолари ва яҳудийлар жамоаси раҳбарлари билан учрашиши кутилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия Озарбайжон Исроил Биньямин Нетаньяху

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг