Туркия Мудофаа вазири Қирғизистондан кейин Тожикистонга борди
Олам
−
01 Июль 2021
3414Аввалроқ, Туркия Миллий мудофаа вазири Ҳулуси Акар Қирғизистонга ташриф буюргани ҳақида хабар берган эдик. Ҳулуси Акар Бишкекда ташрифини якунлаб, Душанбега борди. Бу ҳақда Туркия Мудофаа вазирлиги хабар берди.
Акар Тожикистон Мудофаа вазири Шерали Мирзо билан учрашиб, икки мамлакатнинг ҳарбий ҳамкорлигини муҳокама қилган. Хусусан, у Тожикистон Туркиянинг Марказий Осиёдаги муҳим ҳамкори эканини қайд этган.
Шу билан бирга Ҳулуси Акар Туркия Тожикистон билан мудофаа, хавфсизлик ва ҳарбий саноат соҳасида ҳамкорликни чуқурлаштиришга, шунингдек чегара дахлсизлиги ҳамда террорчилкка қарши курашда ўз тажрибаси билан ўртоқлашишга тайёрлигини таъкидлаган.
Қайд этиш керакки, Америка Президенти Жо Байден ва Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған НАТО саммити доирасида учрашиб, Вашингтон ўз ҳарбийларини Афғонистондан олиб чиқиб кетгач, расмий Анқара Кобул халқаро аэропорти хавфсизлигини ўз зиммасига олишига келишиб олганди. АҚШ қўшинларининг Афғонистондан кетиши фонида Туркия Мудофаа вазирининг Марказий Осиё давлатларига ташрифи, расмий Анқаранинг минтақада фаоллашаётганини кўрсатади.
Эслатиб ўтамиз, 28–20 июнь кунлари Туркия ҳарбий делегацияси Қирғизистонда бўлди. Шу вақт давомида Акар Қирғизистон Президенти Садир Жапаров қабулида бўлди ва мамлакат Мудофаа вазири Таалайбек Омуралиев билан учрашди. Музокаралар доирасида ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, Туркия Қирғизистонга ҳарбий мутахассисларни ўқитиш ва тайёрлаш масаласида ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.
Маълумот учун, Садир Жапаров июнь ойи бошида Туркияга сафар қилиб, Президент Ражаб Тойиб Эрдўған билан учрашувда Қирғизистон томони Туркия билан мудофаа ва хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришни истаётганини маълум қилганди.
LiveБарчаси