Туркия Мисрга дронлар етказиб бермоқчи. Мурсийнинг ўлими унутилди

Олам

image

Туркия икки томонлама муносабатларни нормаллаштириш доирасида Мисрга учувчисиз ҳаво воситалари етказиб беради. Бу ҳақда Туркия Ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан “A Haber” телеканалига берган интервьюсида маълум қилди. 

“Бизнинг икки томонлама муносабатларимиз қуйидаги сабабларга кўра муҳим: бу минтақавий хавфсизлик нуқтаи назаридан муҳим, савдо нуқтаи назаридан эса ниҳоятда муҳим. Алоқаларни нормаллаштириш Миср учун қандайдир ёрдам ва технология олиши учун муҳим аҳамиятга эга. Туркия билан дрон ва бошқа технологияларни етказиб бериш бўйича ҳам келишувимиз бор. Африкадаги ҳамкорлигимиз ҳам муҳим, айниқса Ливияда”, дейди у. 

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған жорий йилнинг февраль ойи ўрталарида Мисрга ташриф буюриши кутилмоқда. Бу Туркия раҳбарининг 2013 йил июлида Миср Президенти Муҳаммад Мурсий ҳокимиятдан ағдарилганидан кейин мамлакатга илк сафари бўлади. 

Анқара ва Қоҳира ўртасидаги муносабатлар 2013 йилда Туркия яқин муносабатларга эга бўлган Мурсий ҳокимиятдан ағдарилганидан кейин ёмонлашган. Шундан сўнг ҳар икки давлат ўз элчиларини чақириб олди. 2021 йил март ойида Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли Миср билан дипломатик даражада алоқалар тикланишини эълон қилди. 2022 йил ноябрь ойида Қатарда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатининг очилиш маросимида Миср ва Туркия Президентлари ўртасида қисқа муддатли учрашув бўлиб ўтди, шундан сўнг муносабатларда сезиларли илиқлик кузатилди. 2023 йил февраль ойи охирида Миср Ташқи ишлар вазири Самеҳ Шукри Туркия жанубидаги зилзиладан жабр кўрган Адана шаҳрига борди. 

2023 йил 4 июлда мамлакатлар Анқара ва Қоҳирага элчиларни тайинлаш орқали дипломатик муносабатларни тўлиқ тикладилар. 

Туркия ва Миср муносабатларидаги таранглик

Муҳаммад Мурсий мамлакатнинг демократик йўл билан сайланган илк Президенти саналиб, у ислом дунёсида ҳам мартабали йўлбошчилардан бири эди. Мурсийнинг ҳокимиятдан куч тизимлари сабаб ағдарилиши мамлакат аҳолиси орасида катта норозиликни келтириб чиқарган. Президент лавозимини Мурсийдан кейин Мудофаа вазири сифатида фаолият юритган Абдул-Фаттоҳ Ҳалил Ас-Сиси эгаллади. 

Мисрда рўй берган давлат тўнтаришидан сўнг, тинч аҳоли вакиллари намойишга чиқди. Улар дунё ҳамжамиятининг эътиборини Мисрга қаратиш учун намойишлар тимсоли сифатида  қўлнинг тўрт бармоқли кўринишини танладилар.  Бу эса намойишларда, ижтимоий тармоқлардаги чиқишларда оммалаштирилди.

Мисрда собиқ Президент Муҳаммад Мурсий тарафдорлари намойиши Робия Ал-Адавия майдонида ўтказилган. Робия эса араб тилида “тўртинчи” деган маънони англатади. Мурсий эса мамлакатни бошқарган тўртинчи Президент эди. Шу боис намойишчилар бош бармоқларини букиб, қолганларини кўтарган ҳолатда акция ўтказдилар. Интернетда, хусусан Twitter’да #R4BIA хэштеглари пайдо бўлди. Биргина Instagram’да эса ушбу ҳэштег билан 100 минглаб хабар қолдирилган.

Робия Ал-Адавия VIII асрда Яқин шарқда, ҳозирги Ироқ ва Сурия ҳудудларида яшаган бўлиб, у оилада тўртинчи фарзанд бўлган. Робия тасаввуф илмининг йирик намояндаларидан бири эди. Робия болалигини қулликда ўтказади ва қочоқликдан сўнг озод бўлади. У Мисрда озодлик тимсоли сифатида тарихда қолган ва тасаввуфда Робия Адавия йўналишига асос солган.

Ўша вақтларда Мурсийни қўллаб-қувватлаб тўрт бармоқли ишорадан фойдаланганлар орасида Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ҳам бўлган. У кейинроқ Мурсий ўз ажали билан ўлмагани, аксинча, ўлдирилганини айтиб чиқди.

“Мурсий ўз ўлими билан ўлмаган, уни ўлдиришган. Мисрнинг демократик сайланган президенти суд залида 20 дақиқа ётган ва унга ҳеч ким ёрдам кўрсатмаган”, деган эди Эрдўған. 

2019 йилнинг сентябрь ойида ўтказилган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 74-мажлисида Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған нутқ сўзлаб, Миср араб Республикасининг собиқ Президенти Муҳаммад Мурсийнинг дафн маросимига унинг қариндошлари киритилмаганини қаттиқ қоралиб чиқди

“Мисрнинг сайлов йўли билан танланган Президенти Муҳаммад Мурсий суд залида қийналиб вафот этиши ва дафн маросимига, ҳатто, оиласининг қатнашишига изн берилмагани – ичимизда қонаган бир ярадир”, деган Ражаб Тойиб Эрдўған.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия Миср

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг