Туркия кўчаларида намойишга чиқаётганлар кимлар?

Олам

image

Жумҳурият халқ партияси (ЖХП)дан президентликка номзод ва Истанбул ҳокими Экрем Имомўғлининг ҳибсга олиниши ортидан бутун Туркия бўйлаб бошланган норозилик намойишлари ёшлар ўртасида кенг кўламли иштирок билан давом этмоқда. Бу ҳақдаги ҳисоботни Ижтимоий тадқиқотлар институти тақдим этди.

Маълум қилинишича, Ижтимоий тадқиқотлар институти ходими Яғмур Узунирмак томонидан тайёрланган “Бу ёшлар кимлар? Имомўғли норозиликларининг иштирокчи таҳлили (Анқара мисоли)” номли ҳисобот 24-26 март кунлари Қизилойдаги намойишларда қатнашган 208 киши билан юзма-юз суҳбатларга асосланган.

Тарихдаги энг ёш норозилик тўлқини

Тадқиқот натижаларига кўра, иштирокчиларнинг 94,2 фоизи 35 ёшгача бўлган ёшлардир. 18-24 ёш тоифаси 70,2 фоиз билан устунлик қилса, 25-34 ёш гуруҳи 24 фоизни ташкил этади. Ҳисоботда “Биз Туркия сиёсий тарихидаги энг ёш норозилик намойишларидан бирига дуч келдик” дейилган.

Иштирокчиларнинг 76,5 фоизи университет талабалари ёки битирувчилари. Энг катта гуруҳни айни дамда таҳсил олаётган талабалар (61,1 фоиз) ташкил этади.

Иштирокчиларнинг 31,7 фоизи молиявий аҳволини “умуман қониқарли эмас” деб таърифлаган бўлиб, уларнинг ўз аҳволидан умумий қониқиш даражаси 10 баллдан атиги 2,77 балл билан ўлчанган.

Эрдўған даврида ҳеч қандай умид йўқ

“Бу маъмурият давом этар экан, мен нима қилсам ҳам, бу мамлакатда келажагим яхши бўлмайди” деган фикрга иштирокчиларнинг 37,2 фоизи тўлиқ қўшилган.

Энг катта муаммо – адолатдир

Намойишларда қатнашаётган ёшларнинг асосий ташвиши “адолат”дир. Иштирокчиларнинг 54,3 фоизи адолатни Туркиянинг ҳал қилиниши керак бўлган энг долзарб муаммо деб билади. Ҳал қилиниши керак бўлган муаммони иқтисодиёт деганларнинг нисбати атиги 13,9 фоиздир. Бироқ умумий жамият сўровларида иқтисодиёт 54,1 фоиз билан биринчи ўринда туради.

Камолчилик ва миллатчилик биринчи ўринда

Намойишчиларнинг 55,6 фоизи ўзини камолчи, 16,9 фоизи миллатчи, 10,1 фоизи социалист, 9,7 фоизи эса социал-демократ деб таърифлаган. Ҳисоботга кўра, иштирокчиларнинг 72,5 фоизи камолчи ёки миллатчиликларга эга.

Номзодлар аниқ – Имомўғли

Кейинги президентлик сайловларида энг кўп қўллаб-қувватланган исм 49,5 фоиз билан Экрем Имомўғли. Кейинги ўринни 39,8 фоиз билан Мансур Яваш эгаллаган. Овоз бермайман деганлар 7,8 фоизни ташкил этади.

Экрем Имомўғлининг ҳибсга олиниши

19 март куни тонгда Истанбул ҳокими ва Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг асосий сиёсий рақиби Экрем Имомўғли ҳамда унинг 106 тарафдори ҳибсга олинганди. Имомўғли ва 99 гумонланувчига нисбатан жиноий ташкилот етакчиси бўлиш, жиноий ташкилотга аъзолик, товламачилик, порахўрлик, малакали фирибгарлик, шахсий маълумотларни қонунга хилоф равишда қўлга киритиш ва тендер савдоларини сохталаштиришда, Имомўғли ва яна 6 киши эса қуролли террор ташкилотига ёрдам бериш билан гумонланганди.

23 март куни суд Экрем Имомўғлини коррупция тергови доирасида ҳибсга олишга қарор қилди. Бош прокуратура Имомўғли “қуролли террор ташкилотига ёрдам берганлиги бўйича кучли гумон” борлигини, аммо уни молиявий жиноятлар учун ҳибсга олиш қарори аллақачон чиқарилгани сабабли, унинг яна ҳибсга олиниши “ҳозирги босқичда зарур эмас”лигини билдирди.

Ўша куни Экрем Имомўғли президентликка номзод қилиб кўрсатилиши учун 14,85 миллиондан ортиқ киши овоз берди. 

Мазкур воқеалар фонида Туркиянинг йирик шаҳарларида намойишлар авж олди. Намойишларда 1 мингдан ортиқ одам ҳисга олинди. Улар орасида Президент Эрдўған ва унинг марҳум онасини ҳақорат қилганлар ҳам бор. Эрдўғаннинг ўзи намойишларда қатнашганларни бундай ҳаракатларининг оқибатларидан огоҳлантирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Истанбул Туркия Экрем Имомўғли Жумҳурият халқ партияси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг