Туркия Қобул аэропортини қўриқлаш режасидан воз кечди — “Reuters”
Олам
−
18 Август 2021
8709Туркия НAТО Aфғонистондан чиқиб кетганидан кейин Қобул аэропортини қўриқлаш режаларидан воз кечди, лекин “Толибон” мурожаат қилса, уларга ёрдам беришга тайёр. Бу ҳақда “Reuters” агентлиги иккита манбага таяниб хабар бермоқда.
Афғонистонда 600 нафар аскари бор Туркия НАТОнинг бошқа аъзолари чиқиб кетганидан сўнг, уларни Қобулда қолдириб, аэропортни қўриқлаш ва бошқаришни таклиф қилганди. Анқара бу борада Вашингтон ва Афғонистон Презденти Ашраф Ғани билан муҳокама ўтказганди.
Бу режалар Ғани истеъфога чиқиб, мамлакатдан қочиши, “Толибон” Қобулни эгаллаши ва минглаб афғонлар қочиш мақсадида аэропортда тартибсизлик келтириб чиқариши ортидан барбод бўлди.
“Толибон” Туркияни Қобул аэропортида қўшин сақлаш масаласида огоҳлантирганди. Анқара толиблар пойтахтни эгаллашдан олдин бу огоҳлантиришни инобатга олмаганди.
“Айни пайтда Қобул аэропортида тартибсизлик ҳукм сурмоқда. Тартиб бутунлай издан чиққан. Бу босқичда аэропортни турк аскарлари назоратига ўтиши автоматик тарзда тўхтатилди”, деган манба.
“Толибон” ҳаракати Афғонистонни тезда эгаллаб олиши оқибатида бу режалар барбод бўлди. “Толибон” Қобулга киргунга қадар Туркия расмийлари Анқара бу режаларга содиқ қолишини ва якуний қарор қабул қилишдан аввал воқеалар ривожини кузатишини айтганди.
Қайд этиш керакки, жорий йилнинг май ойида АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция кучлари Афғонистонни тарк этишни бошлаши ортидан “Толибон” ҳаракати ҳукумат назоратидаги ҳудудларни эгаллаб ола бошлаганди. Жорий йилнинг 15 август куни эса Қобул шаҳри жангсиз эгалланиши билан мамлакатда ҳокимият “Толибон” қўлига ўтди.
LiveБарчаси