Туркия Ғазога уюштирилган авиаҳужумга муносабат билдирди
Олам
−
06 Август 2022
11916Туркия Ташқи ишлар вазирлиги Исроилнинг Ғазо секторига уюштирган ҳаво ҳужумларини кескин қоралади ва бу можаронинг янги босқичига айланмаслиги учун ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш зарурлигини таъкидлади.
“Биз тинч аҳолининг, жумладан, болаларнинг ҳужумлар натижасида ҳалок бўлишини қабул қилиб бўлмас, деб ҳисоблаймиз. Ҳужумлар ортидан минтақада кескинлик кучайиб бораётганидан чуқур хавотирдамиз”, дейилади Туркия Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.
Департамент вазмин бўлиш ва соғлом фикрлашга чақирган.
Маълумот учун, Исроил армияси жума куни блокада қилинган Ғазо секторидаги “Исломий жиҳод” марказларига зарба берганини эълон қилди.
Ғазога авиаҳужум оқибатида 10 нафар фаластинлик, жумладан 5 ёшли бола ҳалок бўлди, яна 55 киши жароҳатланди, деб хабар берди Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлиги.
Шунингдек, авиазарбага жавобан Ғазодан Исроил томонга 100 га яқин ракета учирилди.
Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Хония Қатар Ташқи ишлар вазири Муҳаммад бин Абдурраҳмон Аль-Тани билан Исроилнинг Ғазо секторига уюштирган ҳужумларини муҳокама қилган.
Хониянинг сўзларига кўра, "Ғазода фаластинликларга қарши содир этилган жиноятлар Исроилнинг тажовузкор ниятларининг ифодасидир. Бироқ Исроил буни асоссиз баҳоналар билан яширмоқда".
LiveБарчаси