Туркия Финляндия ва Швециянинг НАТОга аъзо бўлиши учун 10 та шарт қўяди – ОАВ
Олам
−
18 Май 2022
12122Туркия Финляндия ва Швецияга ушбу давлатлар НАТОга аъзо бўлиш шартлари кўрсатилган манифест беришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда “Sabah” нашри хабар берди.
Газетанинг ёзишича, Анқара 10 та талабни илгари суриб, улар бажарилган тақдирда Финлянди ва Швециянинг НАТОга кириши учун розилигини беради. Туркиянинг талаблари қуйидагилар:
• Хельсинки ва Стокгольмнинг Курдистон ишчилар партияси (PKK) мақоми борасидаги позициясига ойдинлик киритиш: Туркия ушбу ташкилот ва унинг филиалларини террорчи деб тан олишни талаб қилади;
• PKK аъзоларини икки давлат парламентларига қабул қилишдан бош тортиш;
• ИШИДга қарши кураш баҳонасида курд тузилмаларини қўллаб-қувватлашни тўхтатиш;
• PKK раҳбарияти билан алоқа қилишдан қочиш;
• “Хизмет” ташкилоти (ФЕТО, Туркияда ҳам террорчи ташкилот сифатида тан олинган) тарафдорлари томонидан тарқатилаётган дезинформацияни бостириш;
• Анқара талабига биноан “террорчилар”ни экстрадиция қилиш тартибини тезлаштириш;
• Туркия хавфсизлигига қарши қаратилган “иттифоқ руҳига зид” ҳаракатлардан воз кечиш;
• терроризмга қарши кураш соҳасида Анқара билан яқин ҳамкорлик механизмини яратиш ташаббуси;
• “Террорчи ташкилотлар”нинг Швеция ва Финляндиядаги банк ҳисобларини блоклаш;
• бундай ташкилотлар томонидан ННТ ниқоби остида маблағ йиғилишининг олдини олиш.
“Bloomberg” шунингдек, Туркия АҚШдан Россиянинг С-400 ларини сотиб олиш бўйича санкцияларни бекор қилишни ҳамда Швеция ва Финляндиянинг Шимолий Атлантика альянси таркибига қўшилишини маъқуллаш эвазига Анқарани F-35 самолётларини тайёрлаш дастурига қайтаришни талаб қилаётганини хабар қилди.
Туркия, шунингдек, АҚШдан ўнлаб F-16 жанговар самолётларини ва ўзида мавжуд бўлган қирувчи самолётларини модернизация қилиш учун эҳтиёт қисмларни сотиб олмоқчи.
Расмийлар, шунингдек, икки шимолий давлатдан 2019 йилда Суриядаги ҳарбий операция сабаб Туркияга қурол етказиб бериш бўйича киритилган чекловларни бекор қилишни истамоқда.
Аввалроқ Қўшма Штатлар Туркияга Анқара Россиянинг С-400 ҳаво мудофаа тизимларини сотиб олгани сабабли сўнгги F-35 қирувчиларини етказиб бериш дастуридан чиқарилиши ҳақида расмий хабарнома юборган эди. Туркия президенти Тойиб Эрдўған кейинроқ АҚШнинг бошқа қирувчи самолётларини, бешинчи эмас, тўртинчи авлод – F-16 ни сотиб олиш таклифини эълон қилди. Бу масала ҳам АҚШ Конгрессида келишиб олиниши керак.
Финляндия ва Швециянинг НАТОга интилишлари
Россиянинг Украинага қарши уруш бошлаши ортидан узоқ йиллар давомида бетарафлик мақомида бўлиб келган Финляндия ва Швеция НАТОга қўшилиш ҳаракатига тушди.
Жорий йилнинг 12 май куни Финляндия Президенти ва Бош вазири мамлакат НАТОга қўшилишини қўллаб-қувватлаши маълум бўлди. НАТО ҳам бу давлатни ортиқча жараёнларсиз ташкилотга олишга тайёрлиги билдирилди.
Бунинг ортидан расмий Москва Финляндия НАТОга қўшилса, Россия жавоб чораларини кўришга мажбур бўлишини эълон қилди. Хусусан, Россия ўз миллий хавфсизлигига бу борада юзага келадиган таҳдидларни тўхтатиш учун ҳам ҳарбий-техник, ҳам бошқа характердаги жавоб чораларини кўриши айтилди.
11 май куни эса Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон иккала давлатга ташриф буюриб, Швеция ва Финляндия раҳбарлари билан ўзаро хавфсизлик кафолатларини имзолади.
13 май куни эса НАТО аъзоси бўлган Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Финляндия ва Швециянинг НАТОга аъзо бўлишига ижобий қарамаслигини билдирди. Бунга икки давлат Туркия террорчи деб тан PKK'ни кўллаб-қувватлаши сабаб қилиб кўрсатилди.
18 май куни Финляндия ва Швеция расман НАТОга аъзо бўлиш учун ариза топширди.
LiveБарчаси