Туркия Финляндия ва Швеция ваъдасини бажаришини кутяпти, йўқса...

Олам

image

Туркия, Мадриддаги НАТО саммити доирасида имзоланган уч томонлама меморандум доирасида Финляндия ва Швециядан аниқ қадамлар кутмоқда. Бу ҳақда Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли бугун, 8 июль куни Балидаги G20 давлатлари Ташқи ишлар вазирлари йиғилишидан сўнг журналистларга маълум қилди. 

"Мадриддаги НАТО саммитида уч томонлама меморандум имзоланди, бу билан биз уларни табрикладик. Лекин биз улар энди аниқ қадамлар ташлаши кераклигини айтдик. Ва улардан аниқ ҳаракатлар кутамиз", дейди у. Вазирнинг нутқи Twitter’даги саҳифасида эфирга узатилди. 

Имзоланган уч томонлама меморандумга қарамай, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған 1 июль куни Анқара Швеция ва Финляндия ўз мажбуриятларини бажармаса, НАТОга киришини қўллаб-қувватламаслигини айтди. 

Финляндия ва Швециянинг НАТОга интилишлари

Россиянинг Украинага қарши уруш бошлаши ортидан узоқ йиллар давомида бетарафлик мақомида бўлиб келган Финляндия ва Швеция НАТОга қўшилиш ҳаракатига тушди. 

Жорий йилнинг 12 май куни Финляндия Президенти ва Бош вазири мамлакат НАТОга қўшилишини қўллаб-қувватлаши маълум бўлди. НАТО ҳам бу давлатни ортиқча жараёнларсиз ташкилотга олишга тайёрлиги билдирилди.

Бунинг ортидан расмий Москва Финляндия НАТОга қўшилса, Россия ўз миллий хавфсизлигига бу борада юзага келадиган таҳдидларни тўхтатиш учун ҳам ҳарбий-техник, ҳам бошқа характердаги жавоб чораларини кўришга мажбур бўлишини эълон қилди.

11 май куни эса Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон иккала Скандинавия давлатига ташриф буюриб, Швеция ва Финляндия раҳбарлари билан ўзаро хавфсизлик кафолатларини имзолади.

13 май куни эса НАТО аъзоси бўлган Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Финляндия ва Швециянинг НАТОга аъзо бўлишига ижобий қарамаслигини билдирди.

15 май куни Финляндия ҳам, Швеция ҳам НАТОга аъзо бўлишга қарор қилганини билдирди.

18 май куни Финляндия ва Швеция НАТОга аъзо бўлиш учун ариза берди,  бироқ Туркия бу давлатлардан курд ташкилотларини террорчи деб эълон қилишни, терроризмда ёки 2016 йилдаги давлат тўнтаришига уринишда иштирок этишда айбланганларни Анқарага экстрадиция қилишни ва Туркияга қурол етказиб беришга қўйилган тақиқларни олиб ташлашни талаб қилиб, аъзолик жараёнини дарҳол тўхтатди. 

28 июнь куни Туркия, Финляндия Президентлари, Швеция Бош вазири ва НАТО Бош котиби иштирокида НАТО саммити олдидан тўрт томонлама музокаралар ўтказилди. Музокаралар натижасига кўра, уч мамлакат Ташқи ишлар вазирлари “Учлик меморандуми”ни имзоладилар. Меморандумга кўра, Финляндия ва Швеция НАТОга аъзо бўлиш учун халқаро терроризм ва экстремизмга қарши курашда барча талабларни бажаради, Туркияда террористик ташкилот деб тан олинган тузилмалар – "Курдистон ишчи партияси", "Сурия халқ мудофааси отряди" ва ФЕТО билан мулоқотни тўхтатади ва ўзи ҳам уларни террористик ташкилот сифатида қайд этади. Қолаверса, миллий қурол-яроғ эмбаргоси олиб ташланади.


Мақола муаллифи

Теглар

НАТО

Баҳолаганлар

108

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг