Туркия чет элликлар учун чегараларини ёпиши мумкинлигини маълум қилди
Олам
−
19 Июль 2021
6724Коронавируснинг “дельта” штамми тарқалиши кескин кўпайган тақдирда, Туркия чет элликлар учун ўз чегараларини ёпиши мумкин. Бу ҳақда Республиканинг Маданият ва туризм вазири Меҳмет Эрсой маълум қилган.
Жорий йилнинг 16 апрель куни Туркияда кунлик коронавирус билан касалланиш ҳолати бўйича антирекорд (63 082) қайд этилганди. Июнь-июль ойларида эса бу кўрсаткич 5-7 мингга тенглашди. 1 июлдан бошлаб эса Туркияда комендантлик соати бекор қилинди.
Бироқ, кеча 18 июлда Туркия Соғлиқни сақлаш вазирлиги май ойининг охиридан бери коронавирус ҳолатларининг кунлик максимал ўсиши ҳақида хабар берди — 7680 ҳолат, шунингдек бир кунда 66 киши касалликдан вафот этгани маълум бўлди.
Шу билан бирга, Туркия Соғлиқни сақлаш вазири Фахриддин Кожа сўнгги бир ҳафта ичида мамлакатда коронавируснинг “дельта” штаммини юқтириш ҳолатлари сони деярли уч бараварга ошганини ва 750 га етганини хабар қилди.
“Ҳеч нарсага кафолат йўқ, албатта, “дельта” штамми билан бир қатор вилоятларда содир бўлаётган воқеаларни кузатиш керак. Бироқ, халқаро парвозлар учун бутун мамлакатдаги вазият ҳисобга олинади. Биринчи ўринда максимал вакцинация”, деган Эрсой.
Унга кўра, агар эмлаш тезлаштирилса, Туркия нормал ҳаётга қайтиши мумкин.
Вазир, шунингдек Туркия бу йил 20 миллиард доллар даромад олиниши кутилаётган 25 миллион сайёҳни кутишни мўлжаллаётганини таъкидлаган.
“Аммо менинг шахсий мақсадим 30 миллион сайёҳ ва 23 миллиард даромад. Июль ойи учун улкан мақсадларимиз бор, аэропортлардан олинган маълумотларга қараганда, улар албатта амалга ошади”, дея хулоса қилган Эрсой.
Сўнгги маълумотларга кўра, Туркияда коронавирусга чалинганлар сони 5,53 млндан ошган. 50 554 нафар бемор вафот этган.