Туркия биринчи хоними китоб ёзди

Олам 3444
image
-

Туркия Республикаси Президентининг рафиқаси Эмина Эрдўған китоб ёзди. Биринчи хонимнинг Африка бўйлаб саёҳатларига оид хотиралари акс этган “Африка саёҳатларим” номли китоби тақдимоти дунё биринчи хонимлари иштирокида Нью-Йоркда бўлиб ўтди. 

Биринчи хоним Эмина Эрдўған, кириш сўзида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг кун тартибига қўйилган тинчлик ва барқарорликни сақлаш, қашшоқликка қарши кураш, инсон ҳуқуқлари ва иқлим ўзгариши каби кўплаб мавзулардан Африка мамлакатлари номутаносиб равишда таъсир кўриб келаётганини урғулади. 

Бошқа томондан, Эрдўған Африка икки мингдан ортиқ лингвистик ва этник жамоага ва 1 миллиарддан ортиқ аҳолига эга бўлган катта бойлик эканлигини таъкидлаб, бу потенциал Африкани XXI асрнинг порлоқ юлдузига айлантиришига чин дилдан ишонишини билдирган.

“Бу китоб Африкага сафарим олдидан қилган кўп томонлама тайёргарликларга, бизни ҳар доим табассум билан кутиб олган биринчи хоним дўстларим берган маълумотларга, элчиларимиз ва уларнинг рафиқаларидан ўрганганларим ва кўзларим билан ўқиганларимга асосланган. Менга ўргатганлари учун уларнинг ҳар биридан қарздорман”, дейди Эмина Эрдўған тақдимотда. 

Китоб жорий йилнинг октябрь ойидан сотувга чиқади. Ундан тушган барча маблағлар Африкадаги ночор аёллар ва болалар таълимига, шунингдек ҳунармандчилик ва санъатни ривожлантиришга йўналтирилади. 

Китоб Африкада кенг қўлланиладиган турк, инглиз, француз, араб ва суахили тилларида нашр этилмоқда. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг сентябрь ойи бошида Президент Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг  “Дунё янада адолатли бўлиши мумкин” номли китоби нашрдан чиққан эди. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 64
Рейтинг: 3
t
×