Туркия Арманистон билан авиаалоқа ўрнатмоқда 

Олам

image

Анқара Туркия ва Арманистон авиакомпанияларининг Истанбул-Ереван-Истанбул рейсларини очиш бўйича мурожаатларини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғлу БААга ташрифи якунлари бўйича журналистларга берган интервьюсида маълум қилди. 

Унга кўра, авиакомпанияларнинг аризалари Туркия Транспорт вазирлиги ва Фуқаролик авиацияси бош бошқармаси томонидан кўриб чиқилади. 

“Аслида турк томонининг масалага муносабати ижобий. Яқин кунларда компаниялардан қайси бири ушбу йўналишда уча олиши аниқланади”, деган Чавушўғлу. 

Вазир Қорабоғдаги 44 кунлик урушдан кейин Туркия ва Озарбайжон Арманистон ҳақида ижобий хабарлар берганини эслатган. 

“Бакунинг Ереван билан кенг қамровли тинчлик шартномасини тузишга чақирувлари алоҳида аҳамиятга эга. Бу сигналлар Туркия ва Озарбайжоннинг масалага ёндашувини ҳам кўрсатади”, деган Чавушўғлу. 

У Туркиянинг Жанубий Кавказда тинчлик, барқарорлик ва иқтисодий тараққиёт тарафдори эканини таъкидлаган. Чавушўғлу Арманистон томони минтақада узоқ муддатли тинчлик ва барқарорликни таъминлаш учун ҳаракат қилишига умид билдирган. 

“Бизнинг ниятларимиз жуда очиқ. Озарбайжоннинг фақат битта мақсади бор эди — мамлакатнинг Арманистон томонидан босиб олинган тарихий ерларини қайтариш. Натижада айнан Баку тинчлик шартномасини тузишга чақирмоқда, бу эса Озарбайжоннинг ниҳоятда конструктив эканлигини англатади”, деган вазир. 

Туркия ва Арманистон ўртасида дипломатик алоқалар йўқ, икки давлат ўртасидаги чегара Анқара ташаббуси билан 1993 йилдан бери ёпилган. Мамлакатлар ўртасидаги муносабатларнинг мураккаблашишига Анқаранинг Қорабоғ муаммоси бо‘йича Озарбайжон позициясини қўллаб-қувватлаши ва 1915 йилда Усмонли империясида арманларнинг геноцидини халқаро тан олиш жараёнига Туркиянинг кескин муносабати билан боғлиқ бир қатор ҳолатлар сабаб бўлмоқда. 

Эслатиб ўтамиз, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Европа кенгаши раиси Шарль Мишель билан уч томонлама учрашувда Қорабоғ бўйича 2020 йил 9 ноябрь ва 2021 йил 26 ноябрда эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича ўз мажбуриятларини бажаришга ваъда берганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия Арманистон рейс

Баҳолаганлар

34

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг