Пашинян ва Алиев Европа кенгаши раиси билан учрашди. Унда нималарга келишилди? 

Олам

image

Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Европа кенгаши раиси Шарль Мишель билан уч томонлама учрашувда Қорабоғ бўйича 2020 йил 9 ноябрь ва 2021 йил 26 ноябрда эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича ўз мажбуриятларини бажаришга ваъда берди. Бу ҳақда Мишелнинг музокаралар якунлари бўйича Брюсселда тарқатилган баёнотида айтилади.  

“Бош вазир Пашинян ва Президент Алиев 2020 йил 9 ноябрь ва 2021 йил 11 январдаги икки уч томонлама баёнотлар доирасида қабул қилинган асосий мажбуриятлар бажарилишини ва 2021 йил 26 ноябрда Сочида эришилган келишувлар амалга оширилиши кераклигини тасдиқладилар”, дейилади унда.

Баёнотга кўра, раис Мишель асосий гуманитар муаммоларни ҳал этиш муҳимлигини таъкидлаган. 

“У маҳбусларни озод қилиш ва бедарак йўқолганлар тақдири каби барча ҳал қилинмаган гуманитар муаммоларни тўлиқ ва эрта ҳал қилишга чақирди”, дейилади баёнотда. 

Европа кенгаши раисига кўра, ЕИ ҳам Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаш чора-тадбирларини қўллаб-қувватлашда давом этади. 

“Раҳбарлар ЕИ ва икки давлат ўртасидаги асосий мавжуд ва истиқболли савдо-иқтисодий ҳамкорликни муҳокама қилдилар. Шунингдек, улар Европа Иттифоқининг минтақада ишончни мустаҳкамлаш, тинч-тотув яшашга кўмаклашиш ва иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш учун иқтисодий маслаҳат платформасини яратиш ниятини муҳокама қилдилар”, дейилади хабарда. 

Чегара назорати чоралари билан темир йўл линиялари 

Таъкидланишича, Арманистон ва Озарбайжон раҳбарлари чегара ва божхона назорати чоралари билан темир йўл линияларини тиклашни давом эттиришга қарор қилган. 

“Раис Мишель Арманистон ва Озарбайжон, хусусан, Жанубий Кавказ ўртасидаги алоқа инфратузилмасини барча мамлакатлар суверенитетини тўлиқ ҳурмат қилган ҳолда тиклаш муҳимлигини таъкидлади. ЕИ ўзининг иқтисодий ва сармоявий режасига мувофиқ, боғловчи линияларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга тайёр. Таклиф этилаётган иқтисодий маслаҳат платформаси ҳам ушбу жараённи қўллаб-қувватлаши мумкин”, дейилган Европа кенгаши раҳбари баёнотида. 

Учрашувдан сўнг Пашинян худди шу маълумотни тасдиқлаган. 

“Европа кенгаши раиси Шарль Мишель ва Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев билан уч томонлама учрашув чоғида биз Озарбайжон Президенти билан темир йўл қатновини қайта тиклаш бўйича келишувни тасдиқладик”, деб ёзган у Facebook’да. 

Унга кўра, “темир йўл халқаро миқёсда тан олинган чегара ва божхона қоидаларига мувофиқ, ўзаро асосда ишлайди”. 

“Арманистон Эрон Ислом Республикаси ва Россия Федерациясига темир йўл орқали чиқиш имкониятига эга бўлади”, дея қўшимча қилган у. 

Мамлакатлар чегаралари 

Шарль Мишель баёнотига кўра, Европа Иттифоқи Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги чегараларни делимитация ва демаркация қилиш масалаларини ҳал қилиш учун экспертлар миссиясини тақдим этади. 

“Европа Иттифоқи чегарани делимитация ва демаркация қилишни қўллаб-қувватлаш учун икки давлатга техник ёрдам кўрсатишга эксперт миссияси, маслаҳат гуруҳини тақдим этади”, дейилади хабарда. 

Қайд этилишича, Шарль Мишель Ереванни ҳам, Бакуни ҳам виждонан фаол иштирок этишга ва кескинликни пасайтириш йўлида ҳаракат қилишга чақирган. У кучларни тўғри масофада сақлаш ҳодисаларнинг олдини олишнинг муҳим элементи эканлигини таъкидлаган. 

Қорабоғ атрофидаги вазият ҳақида 

2020 йил 27 сентябрь куни Тоғли Қорабоғ атрофидаги можаро ҳудудида вазият кескинлашди ва минтақада фаол ҳарбий ҳаракатлар бошланди. Ўша йилнинг 9 ноябрида Россия Президенти Владимир Путин, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян томонидан ушбу ҳудудда ҳарбий ҳаракатларни тўлиқ тўхтатишга эришиш имконини берган уч томонлама баёнот имзоланди. 

2021 йил 11 январь куни уч давлат раҳбарлари Москвада шахсан йиғилди. Музокаралар самарали бўлди – минтақада транспорт-иқтисодий алоқаларни йўлга қўйишга эътибор қаратадиган уч мамлакат бош вазирлари ўринбосарлари даражасида ишчи гуруҳ тузишга келишиб олинди.

26 ноябрь куни Сочида Россия Президенти, Озарбайжон Президенти ва Арманистон Бош вазирининг уч томонлама музокаралари бўлиб ўтди. Уларнинг иштирокчилари Озарбайжон-Арманистон чегарасида барқарорлик ва хавфсизлик даражасини ошириш чораларини кўришга келишиб олди. Ереван ва Баку мамлакатлар ўртасидаги давлат чегарасини делимитация қилиш ва кейинчалик демаркация қилиш бўйича икки томонлама комиссия тузиш устида ишламоқчи. Шу билан бирга, Россия Федерацияси томонларнинг илтимосига биноан маслаҳат ёрдамини кўрсатади.


Мақола муаллифи

Теглар

Пашинян Алиев Мишель

Баҳолаганлар

29

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг