Туркия АҚШдан қирувчи самолётлар сотиб олишга интилмоқда 

Олам

image

Туркия Анқарага F-16 қирувчи самолётларини сотиш бўйича АҚШ расмийларидан оқилона ва ижобий қарор кутмоқда, чунки бу НАТОни мустаҳкамлайди. Бу ҳақда бугун, 11 март куни Туркия Мудофаа вазири Ҳулусий Акар маълум қилди.

“Биз 71 йилдан бери НАТО аъзосимиз, ўз мажбуриятларимизни бажарамиз ва иттифоқчиларимиз ҳам мажбуриятларини бажаришини кутамиз. Оқ уй ва Пентагоннинг барча баёнотларига қараганда, Туркияга F-16 самолётларини сотиш ва мавжуд самолётларни модернизация қилиш масаласи ижобий натижага қараб бормоқда. Аммо АҚШ Конгрессининг айрим аъзолари томонидан салбий баёнотлар ҳам янграмоқда”, дейди вазир.

Акарнинг таъкидлашича, у АҚШ марказий органлари, шу жумладан, Конгрессдан оқилона ёндашувни кутмоқда. Вазир мазкур келишувнинг амалга оширилиши НАТОнинг мустаҳкамланишини англатишини билдирган. 

“Агар Туркия кучлироқ бўлса, иттифоқ кучаяди. Шунинг учун Конгрессдан бу ҳақиқатни тушунишни кутамиз”, Туркия Мудофаа вазири.

Шунингдек, у Туркиянинг F-35 қирувчи самолётлари ишлаб чиқариш дастуридан чиқарилиши ҳақида ҳам гапирган. Ҳулусий Акар бу қарор ахлоқсиз ва ноқонуний бўлиб, республика олдидаги илгари эълон қилинган мажбуриятларга зид эканини айтган.

“Дастурдан чиқишимизда сиёсий, ҳуқуқий, молиявий жиҳатлар бор. Биз бу борадаги алоқаларни давом эттирмоқдамиз. Январь ойида Вашингтонда маслаҳатлашувларнинг навбатдаги раунди бўлиб ўтди. Иккала томон ҳам бу мавзуни муҳокама қилишни давом эттиришга келишиб олган", дейди вазир.

Таъкидлаш жоизки, Туркия ҳаво кучларида хизмат қилаётган самолётларни модернизация қилиш учун Block 70 модификациясида 40 та F-16 қирувчи самолёти ва 80 та Block 70 тўпламларини олишга интилмоқда. Анқара Россиянинг С-400 зенит-ракета комплексларини сотиб олиши муносабати билан бешинчи авлод F-35 қирувчи-бомбардимончи самолётларини ишлаб чиқариш бўйича Америка дастуридан чиқарилган. Шундан сўнг, Анқара F-16’ни сотиб олиш ниятида эканини билдирган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Туркия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг