Туркия АҚШ ва ЕИнинг Россияга қарши санкцияларига қўшилмайди – Чавушўғли
Олам
−
08 Май 2023
8371Туркия АҚШ ва Европа Иттифоқининг Россияга қарши бир томонлама санкцияларига қўшилмайди. Бу ҳақда бугун, 8 май куни республика Ташқи ишлар вазири Мавлут Чавушўғли “Lider Haber” телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
“Биз АҚШ ва Европа Иттифоқининг Россияга қарши жорий қилган бир томонлама санкцияларига қўшилмаймиз. Биз ўз манфаатимиз ва фаровонлигимиздан келиб чиқамиз. Шу билан бирга Монтрё конвенцияси қоидаларининг бажарилишини диққат билан кузатиб борамиз”, дейди Туркия Ташқи ишлар вазири.
Шунингдек, Чавушўғли Туркия президентлигига Миллат Иттифоқидан кўрсатилган номзод Камол Қиличдорўғлини танқид қилган. Гап шундаки, Қиличдорўғли BBC’га берган интервьюсида агар у ҳокимиятга келса, Кремль билан эмас, балки Ғарб билан алоқаларни ривожлантиришга устувор аҳамият беришини айтган.
“Хўш, эсингиздами, митинглардан бирида у бутунлай бошқача гаплар айтганди. У Туркия ва Россия муносабатларига ҳеч нарса таҳдид солмаслигини таъкидлаганди. Унинг баёнотларида бир-бирига зид”, дея қўшимча қилган Чавушўғли.
LiveБарчаси