Туркия 2024 йил охиригача инфляцияни икки баробарга пасайтирмоқчи
Олам
−
30 Ноябрь 2023
3896Туркия ҳукумати 2024 йил охиригача инфляцияни 34 фоизга тушириш ниятида, бу жорий йил учун кутилган кўрсаткичларнинг деярли ярмини ташкил этади. Бу ҳақда Туркия Молия вазирлиги раҳбари Меҳмет Шимшек “TRT Haber” телеканалида маълум қилди.
Туркия Марказий банки аввалроқ инфляцияни 2023 йил охиригача 65 фоиз даражасида режалаштираётганини эълон қилган эди. Шу билан бирга, регулятор томонидан ноябрь ойида ўтказилган сўров иштирокчилари йил охирига қадар Туркияда инфляция даражаси 67,23 фоизга етиши кутилаётганини билдирган.
“Ўрта муддатли иқтисодий ривожланиш дастури доирасида молиявий барқарорликни таъминлаш асосий мақсадларимиздан биридир. Мақсадимиз жорий йил охирида инфляцияни назорат остига олиш, кейинги йил охиригача уни 34 фоизга тушириш ва кейинги йилларда бир хонали кўрсаткичга туширишдир”, дейди вазир.
Бугун, 30 ноябрь куни Миллий Статистика Институти томонидан эълон қилинган маълумотларга кўра, Туркиянинг ушбу даврдаги иқтисодий ўсиши 5,9 фоизни ташкил этган. Мутахассислар Туркия иқтисодиётининг ўтган чоракда 5,6 фоиз ўсишини кутган эди.
Расмийлар Туркияда йил охиригача иқтисодий ўсишни 4,5% ни прогноз қилмоқда. Мустақил экспертларнинг фикрича, ўсиш 4,1% бўлади.
LiveБарчаси