Туркий давлатларнинг ягона мадҳияси яратилади
Олам
−
18 Ноябрь
4752Туркий давлатларни бирлаштирувчи умумий мадҳия яратиш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу мадҳияда туркий халқларнинг бой тарихидан илҳом олинган ҳолда уларнинг ўзига хос маданияти сўз ва мусиқада акс эттирилади. Бу ҳақда Туркий давлатлар Санъат университетлари иттифоқи раиси ва Анқара Мусиқа ва тасвирий санъат университети ректори Эрҳан Ўзден маълум қилди.
Эрҳан Ўзденга кўра, мадҳия маросимлар учун ёзилади ва у туркий халқларни бирлаштирадиган миллий ва маънавий қадриятларни акс эттиради. Унинг сўзлари ва мусиқаси мутахассислар гуруҳи томонидан ишлаб чиқилади, бунда барча учун тушунарли ва мантиқий сўзлар танланади.
Қайд этилишича, Туркий давлатлар санъат соҳасида умумий ва энциклопедик луғат яратиш устида ҳам иш олиб бормоқда. Ушбу луғатда туркий халқлар орасида қўлланиладиган санъат терминлари жамланиб, келгусида ягона терминология яратишга хизмат қилади. Луғат турли санъат соҳалари учун алоҳида боблар сифатида ташкил қилинади ва унда терминларнинг келиб чиқиши, туркий халқлар маданиятида қўлланилиши кўрсатилади.
Билдирилишича, луғат 1-2 йил ичида, мадҳия эса ундан олдинроқ тайёр бўлиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бишкекдаги Туркий давлатлар ташкилоти 11-саммитида Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған туркий давлатларнинг умумий алифбоси борасидаги саъй-ҳаракатлар ва ишларни кучайтириш кераклигини таъкидлаган эди.
LiveБарчаси