Турк ҳарбийлари Идлибда ҳужумга учради. Бу Россия билан сулҳ фонида рўй берди
Олам
−
20 Март 2020
6957Суриянинг Идлиб провинциясидаги М-4 трассасида муҳандислик текшируви ўтказаётган икки нафар турк аскари жангарилар ҳужумига учради. Бу ҳақда Суриядаги урушаётган томонларнинг яраштириш маркази раҳбари Олег Журавлев маълум қилмоқда.
“19 март куни Мханбель аҳоли пунктида М-4 трассасида муҳандислик текшируви ўтказаётган туркиялик ҳарбийлар жангариларнинг ҳужумига учради. Оқибатда уларнинг ҳар иккиси ҳам ҳалок бўлди”, деди Журавлев.
Туркия Миллий Мудофаа вазирлиги ҳам ушбу воқеани тасдиқлади.
“Икки ҳарбий хизматчимиз 2020 йилнинг 19 мартда Идлибдаги деэскалация зонасида радикаль гуруҳлар ҳужуми оқибатида вафот этди”, дейилади вазирлик баёнотида.
Маълумотларга кўра, турк ҳарбийлари муҳандислик текшируви ўтказаётган қишлоқ Туркия қуролли кучлари томонидан назорат қилинмайдиган ҳудуд ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 5 март куни Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ўртасида Москвада учрашув бўлиб ўтди. 6 соатга яқин давом этган учрашувда Путин Сурия томонидан берилган ҳаво зарбаси янглиш бўлгани, Ҳукумат ҳарбийлари ҳудудда турк аскарлари бўлганини билмаганини айтди. Шу куни Анқара ва Москва Сурияда ўт очишни 6 март куни соат 00:01 дан бошлаб тўхтатишга келишиб олди. Ҳозирча ушбу келишувга тўла амал қилинмоқда.
LiveБарчаси