“Туриш вақти келди”. Нетаньяху яна эронликларни Оятуллоҳни ағдаришга чақирди
Олам
−
14 Июнь
24672Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Эрон халқига видеомурожаат йўллаб, унинг мамлакати эронликларни душман деб ҳисобламаслигини айтди ва уларни ўз ҳукуматига қарши чиқишга чақирди. Бош вазирнинг бу ҳақдаги мурожаати YouTube каналида эълон қилинди.
Унинг сўзларига кўра, эронликлар ўз ҳукуматининг “зулмига” қарши чиқиши керак.
“Оятуллоҳ режими деярли 50 йилдан бери сизни зулм остида ушлаб келмоқда ва бизнинг мамлакатимиз – Исроил давлатини йўқ қилиш билан таҳдид қилмоқда. Исроилнинг ҳарбий амалиётидаги мақсад – режимдан келаётган ядровий ва ракета хавфини бартараф этишдир. Биз мақсадимиз сари ҳаракатланар эканмиз, сизларга ҳам озодликка эришиш йўлини очиб беряпмиз”, деган Бош вазир.
Унинг сўзларига кўра, Эрон ва Исроил халқлари қадимдан, эрамиздан аввалги VI асрда ҳукмронлик қилган Форс подшоҳи Кир II давридан бери дўст бўлиб келган.
“Бу – сизнинг овозингиз эшитилиши учун туриш вақти. Эрон халқи ёвуз золимлар режимидан озод бўлиш учун ўз байроғи ва тарихий мероси атрофида бирлашиш вақти келди”, дея қўшимча қилган у.
Эроннинг “Ҳақиқий ваъда-3” операцияси
Кеча, 13 июнь куни Исроил томонидан Эронга қарши амалга оширилган кенг кўламли ҳужумлардан сўнг, Эрон Исроилга қарши ўз жавоб зарбаларини йўллади. Эрон ҳарбий кучлари томонидан Исроил ҳудудига қарата 200 дан ортиқ дрон ва баллистик ракеталар учирилган. Исроил Мудофаа кучлари ушбу зарбаларни тасдиқлаган ва ҳаво мудофаа тизимлари зудлик билан ишга туширилган. ЦАХАЛ расмий баёнотида айтилишича, Исроил ҳаво мудофааси катта миқдордаги ҳужумчи дрон ва ракеталарни тутиб қолишга муваффақ бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳужум оқибатида 5 киши ҳалок бўлган ва 10 дан ортиқ киши жароҳат олган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил Мудофаа вазирлиги дунё мамлакатларидан Эрон ҳужумига қарши ёрдам сўраганди. Кўплаб ОАВлар Исроилнинг бу чиқишини қаттиқ қоралаб, Фаластин воқеаларини эсга олган. Унга кўра, Исроил Фаластинда 100 минглаб болаларнинг ўлимига сабаб бўлди, лекин бу “қотиллиги”ни яширишга ҳаракат қилди.
LiveБарчаси