Туман сабаб Туркия ва Мисрдан учган самолётлар Тошкентга қўна олмади

Жамият

image

Бугун, 16 март куни эрталаб қалин туман сабаб самолётлар Тошкент аэропортига қўна олмай ва учиб кета олмай қолган. Кўринишнинг ёмонлиги сабабли бир қанча ички ва халқаро рейслар кечиктирилган ва бошқа аэропортларга кўчирилган. Бу ҳақда “Uzbekistan Airports” АЖ маълум қилди.

Тошкент аэропортида зич туман туфайли - кўриш масофаси 150 метрга яқин - “Turkish Airlines”нинг Истанбул-Тошкент йўналишида парвоз қилган, бортида 259 нафар йўловчи бўлган THY-368 рейси белгиланган аэропортга қўна олмаган ва соат 08:45 да Бишкекдаги (Қирғизистон) муқобил аэродромга жўнаб кетган.

“Air Cairo” авиакомпаниясининг Шарм-ал-Шайх – Тошкент йўналишида учган MSC-771 рейси кўриш имконияти ёмонлиги (200 метр) туфайли Навоийдаги муқобил аэродромига жўнаб кетган. Бортида 172 йўловчи бўлган самолёт соат 09:35 да Навоий аэропортига қўнган.

Тошкент вақти билан соат 10:14 да Тошкент аэропортидаги чекловлар бекор қилинган. Бу соатга келиб кўриш даражаси 2000 метргача ошган. “Turkish Airlines”нинг THY-368 рейси Тошкентга соат 11:47да қўнган, “Air Cairo” самолёти эса маҳаллий вақт билан соат 12:07 да пойтахт аэропортига қўнган.


Мақола муаллифи

Теглар

туман

Баҳолаганлар

172

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг