Тўқаев Европага яқинлашиш Қозоғистоннинг асосий мақсадларидан бири эканини айтди
Олам
−
27 Октябрь 2022
3069Европа Иттифоқи билан стратегик шерикликни ривожлантириш Қозоғистон ташқи сиёсатининг асосий устувор йўналишларидан бири. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев бугун, 27 октябрь куни Қозоғистонга расмий ташриф билан келган Европа кенгаши президенти Шарль Мишель билан музокараларда сўз очди.
“Сизнинг ташрифингиз Қозоғистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорлик доирасидаги муҳим ютуқларни нишонлаш учун ажойиб имкониятдир. Келгуси йил биз муҳим сана – дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигини нишонлаймиз. Сизнинг Қозоғистонга расмий ташрифингизни муносабатларимизни янги босқичга кўтаришдан ўзаро манфаатдорликнинг яна бир далили деб биламиз”, деган Қозоғистон Президенти.
Тўқаев Қозоғистон Европа Иттифоқи билан кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолаган Марказий Осиёдаги биринчи ва ягона давлат бўлганини эслатгган.
Давлат раҳбарининг фикрича, олий даражадаги мунтазам мулоқотлар Қозоғистон ва ЕИ ўртасида кенг қамровли мулоқотни ривожлантириш имкониятларини мустаҳкамлайди.
Ўз навбатида, Европа кенгаши президенти Шарль Мишель Қосим-Жомарт Тўқаевга меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдириб, Қозоғистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётганини қайд этган.
“Биз биринчи марта Брюсселда учрашганмиз, шундан бери яқин алоқада бўлиб, турли соҳаларда ишлаяпмиз. Минтақавий миқёсда ҳамкорликда иш олиб бориш муҳимлигини қайд этаман. Ҳамкорлигимизнинг долзарб масалаларини, жумладан, иқлим ўзгариши билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилиш мақсадида сиз билан учрашганимдан хурсандман”, дейди Шарль Мишель.
Учрашувда томонлар энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлиги, “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш, транспорт ва логистика масалаларини атрофлича муҳокама қилган. Улар Марказий Осиё – Европа Иттифоқи форматидаги ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан фикр алмашган.