Тўқаев Европа Иттифоқи билан яқинлашмоқчи эканини айтди 

Олам

image

Январь ойи бошида содир бўлган тартибсизликлардан сўнг Қозоғистон ҳукумати инсон ҳуқуқ ва эркинликларига риоя қилишни устувор вазифа деб билади. Бу ҳақда республика Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Тери Хакала билан учрашувда айтиб ўтди.  

“Давлат раҳбари Тери Хакаланинг илтимосига кўра “фожиали январь” воқеалари ҳақида гапирди. У Бош прокуратурага воқеани ҳар томонлама ва адолатли тергов қилиш бўйича топшириқ берилганини маълум қилди. Президент инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари мамлакатимизда ҳокимиятнинг барча бўғинлари учун устувор вазифа ҳисобланишини таъкидлади”, дейилган Тўқаев матбуот хизмати хабарида. 

Шунингдек, Президент сиёсий тизимни модернизация қилиш ҳамда ижтимоий номутаносибликларни тузатиш ва миллий иқтисодиётни диверсификация қилишга қаратилган янги иқтисодий йўналишни амалга ошириш режалари ҳақида маълумот берган. 

Бундан ташқари, Тўқаев Европа Иттифоқи билан ҳамкорликнинг барча йўналишларида яқин алоқаларни ривожлантириш тарафдори эканини ва аввал эришилган келишувларни тўлиқ амалга ошириш ниятини тасдиқлаган. 

“Ўз навбатида Тери Хакала Брюссель Қозоғистон билан муносабатларни ривожлантиришдан манфаатдор  эканини маълум қилди. Европа дипломати ҳар томонлама ва фойдали фикр алмашилганлик учун Президентга миннатдорлик билдирди. У Европа Иттифоқи Президентнинг ислоҳотлар сиёсатини тўлиқ қўллаб-қувватлашига ва Қозоғистоннинг фаровонлиги ҳамда барқарорлигидан манфаатдор эканлигига ишонтирди”, дейилади матбуот хизмати хабарида. 

Маълумот ўрнида, жорий йилнинг январь ойи бошида Қозоғистонда оммавий тартибсизликлар бўлиб ўтди, уларнинг иштирокчилари полиция ва ҳарбийларга ҳужум қилди. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев давлат тўнтаришига уриниш ҳақида эълон қилди. 7 январга келиб вазият барқарорлашди, 19 январдан бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат бекор қилинди. Расмий маълумотларга кўра, ушбу воқеалар натижасида 225 киши ҳалок бўлган, 4,5 мингдан ортиқ киши жароҳатланган.


Мақола муаллифи

Теглар

ЕИ Тўқаев

Баҳолаганлар

89

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг