Тўқаев январь фожиаларидан кейин қандай хулосага келганини айтди

Олам

image

Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев “қонли январь” фожиаси учун қасос олмоқчи эмаслиги, жамиятни бирлаштириш энг муҳим устувор вазифа эканини айтди. Давлат раҳбарининг Матбуот хизматига кўра, у бу ҳақда бугун, 21 февраль куни хорижий мамлакатлар элчилари билан учрашувда гапирган.  

"Январь фожиасидан кейин мен қасос ёки қутбланишга интилмайман. Мен мамлакат Президенти сифатида Қозоғистон фуқароларини бўлиш эмас, балки бирлаштириш энг муҳим вазифа деб биламан. Шунинг учун мен миллатлараро тотувлик ва кўп векторли ташқи сиёсат каби ҳақиқий ютуқлардан воз кечмаган ҳолда, ўтмишда содир этилган жиддий адолатсизликдан халос бўлишга мўлжалланган янги Қозоғистон давлатини яратиш концепциясини илгари сурдим”, дейди у. 

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, Қозоғистон халқининг мустаҳкам иродаси ва жамоавий донолиги туфайли давлат тўнтаришига уринишнинг олди олинган, фитначилар ва бузғунчилар жавобгарликка тортилган. 

“Менинг маъмуриятим ўз навбатида кенг кўламли сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни амалга оширади, инвестиция шартномалари яхлитлигини таъминлайди, коррупцияга қарши тинимсиз курашади”, дейди Президент. 

Қозоғистондаги намойиш

Қозоғистонда 2022 йилнинг биринчи кунларида оммавий норозилик намойишлари бошланди — мамлакат ғарбидаги Жанаозен ва Ақтау шаҳарлари аҳолиси суюлтирилган газ нархининг икки баробар ошишига қарши чиқди. Кейинчалик норозилик намойишлари бошқа шаҳарларга, жумладан, эски пойтахт ва Республиканинг энг йирик шаҳри Олма-отага ҳам тарқалди: у ерда талончилик бошланди, намойишчилар давлат муассасаларига ҳужум қилишди, қурол-яроғларни олиб кетишди. Бунга жавобан расмийлар 19 январга қадар бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат эълон қилди ва аксилтеррор операциясини бошлади. БМТ маълумотларига кўра, Қозоғистондаги намойишлар чоғида 1000 га яқин одам жароҳатланган. Мамлакат Бош прокуратураси маълумотларига кўра, тартибсизликлар натижасида 4578 киши жароҳатланган, 225 киши ҳалок бўлган, улардан 19 нафари хавфсизлик хизмати ходимлари.  

5 январь куни эрталаб Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ҳукуматни истеъфога чиқарди ва Хавфсизлик кенгашига ўзини раҳбар этиб тайинлади. Ўз раҳбарлигидаги Хавфсизлик кенгашининг биринчи йиғилишида Тўқаев Қозоғистондаги вазиятни давлат яхлитлигига путур етказувчи деб баҳолади ва “террорчилик таҳдидини енгишда” КХШТдан ёрдам сўраганини айтди. КХШТ Коллектив хавфсизлик кенгаши мамлакатдаги вазиятни нормаллаштириш учун Қозоғистонга коллектив тинчликпарвар кучларни юборишга қарор қилди.

7 январь куни Тўқаев террорчилар, жумладан, хориждан келганлар ҳам қаршилик кўрсатишда давом этаётганини айтиб, қуролини ташламаганларни йўқ қилишга ваъда берди. Бундан ташқари, Президент фуқароларнинг тинч шаклда билдирилган барча талаблари тингланганини таъкидлади. 

13 январь куни КХШТ миссияси муваффақиятли якунлангани эълон қилинди. 19 январь куни Қозоғистон Мудофаа вазирлиги Республикада хорижлик ҳарбий хизматчилар қолмаганини очиқлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Қосим-Жомарт Тўқаев

Баҳолаганлар

47

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made