Тўқаев яна Путин билан учрашиши маълум бўлди
Олам
−
05 Сентябрь 2022
5959Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Оренбургда Россия Президенти Владимир Путин билан учрашади. Бу ҳақда Қозоғистон Савдо ва интеграция вазирлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, вазирлик давлатлар раҳбарларининг музокараларига тайёргарлик кўрмоқда.
Вазирлик хабарига кўра, кузда Оренбургда Қозоғистон ва Россия ўртасидаги XIX минтақалараро ҳамкорлик форуми давлат раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтади. Форумнинг аниқ санаси ҳозирча номаълум.
Форум ҳақида аввал ҳам гап-сўзлар чиққанди, бироқ 19 август куни Қосим-Жомарт Тўқаевнинг Сочига ташрифидан сўнг минтақалараро форум бўлиб ўтмаслиги ҳақида хабарлар тарқалганди. Ҳозир эса учрашув ўтказилиши аниқ бўлди. Форумнинг асосий кун тартиби икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва янги қўшма лойиҳаларни ишга тушириш бўлиши керак. Қозоғистон ва Россия Президентлари маъмурияти етакчиларнинг иштироки ҳақидаги маълумотни ҳозирча тасдиқлаганича йўқ.
Эслатиб ўтамиз, Тўқаев жорий йилнинг 19 август куни Сочида учрашув ўтказди. Унда икки давлат раҳбарлари халқаро майдонда елкама-елка туришга келишиб олди.