Тўқаев ва Жапаров ҳарбий соҳада ҳамкорлик қилишга келишди
Олам
−
02 Март 2021
4525Бугун, 2 март куни Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Қозоғистонга ташриф буюрди. Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ва Садир Жапаров ўртасида тор доирада музокаралар ўтказилди. Бу ҳақда "Акорда" хабар берган.
Тўқаев Қирғизистон Президенти сифатида Жапаровнинг Қозоғистонга биринчи давлат ташрифи муҳимлигини таъкидлаган.
"Биз бу қадамни Қозоғистонга бўлган ҳурматнинг намойиши деб биламиз. Сизнинг ташрифингиз катта аҳамиятга эга. Умид қиламизки, бу икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантиришга сезиларли туртки беради. Бугун биз ҳамкорликнинг энг долзарб масалалари бўйича фикр алмашамиз. Ишончим комилки, биз эришган келишувлар халқларимиз манфаатларига хизмат қилади", деган Қозоғистон раҳбари.
Давлат раҳбарининг таъкидлашича, Қозоғистон Қирғизистонни нафақат иттифоқчи, балки биродар давлат сифатида ҳам билади ва "ушбу анъанани юқори баҳолайди".
"Бизнинг вазифамиз ушбу анъанани давом эттириш, уни мустаҳкамлашдир. Ишонаманки, бизнинг бугунги музокараларимиз самарали бўлади", деган Тўқаев.
Учрашув давомида Қозоғистон ва Қирғизистон раҳбарлари икки томонлама стратегик шерикликнинг кўплаб масалаларини кўриб чиққан.
Хусусан, улар сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт-логистика, сув-энергетика, маданий-гуманитар ҳамкорликнинг асосий жиҳатларини, коронавирусга қарши кураш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни, шунингдек, Евроосиё интеграцияси ва кўп томонлама тузилмалар орқали ўзаро алоқаларни муҳокама қилган.
Шунингдек, музокаралар давомида Қозоғистон Республикаси Ҳукумати ва Қирғизистон Республикаси Ҳукумати ўртасида бепул ҳарбий-техник ёрдам кўрсатиш тўғрисида Шартнома, Қозоғистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва Қирғизистон Мудофаа вазирлиги ўртасидаги 2021 йилга мўлжалланган ҳамкорлик режаси ва бошқа бир қатор битимлар имзоланган.
LiveБарчаси