Тўқаев Ўзбекистон билан маҳкумларни алишиш бўйича келишувни маъқуллади
Олам
−
16 Февраль 2023
3813Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев “Қозоғистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган шахсларни жазони янада ўташ учун топшириш тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш ҳақида”ги Қозоғистон Республикаси қонунини имзолади.
Қозоғистон Сенати жорий йилнинг 9 февраль куни ушбу битимни ратификация қилиш ҳақидаги қонунни маъқуллаганди.
Мазкур шартнома икки давлат маҳкумларига қамоқ жазоларини ўз ватанларида ўташ имконини беради.
Шартнома қоидаларига мувофиқ, томонлар маҳкумларни бошқа жойга ўтказишда максимал даражада ҳамкорлик қилиш мажбуриятини оладилар, бу эса жазонинг янада самарали ижро этилишига ва маҳкумларнинг кейинчалик ижтимоийлашувига ёрдам беради. Шунингдек, маҳкумни бошқа давлатга ўтказиш учун унинг розилигини олиш керак бўлади. Агар бу миллий қонунчиликка ёки мамлакат хавфсизлигига зид бўлса, маҳкумлар экстрадиция қилинмайди.
Қозоғистон Бош прокуратураси маълумотларига кўра, айни пайтда мамлакат колонияларида 500 га яқин Ўзбекистон фуқароси жазони ўтамоқда. Ўзбекистонда эса 20 нафар қозоғистонлик жазони ўтамоқда. Шартнома парламент томонидан ратификация қилингандан сўнг имзолаш учун Қозоғистон Президентига юборилади.
LiveБарчаси