Тўқаев туғилган кунини Хитойда ўтказяпти

Олам

image

Бугун, 17 май куни ўзининг 70 ёшлик юбилейини нишонлаётган Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Хитой Халқ Республикасига давлат ташрифи билан борди. Тўқаевни ХХР Раиси Си Цзиньпин қабул қилиб, икки давлат етакчилари ўртасида музокара олиб борилди. Бу ҳақда Ақўрда матбуот хизмати хабар берди

“Қозоғистон учун Хитой Халқ Республикаси алоҳида аҳамиятга эга. Бизнинг ҳамкорлигимиз ажралмас дўстлик ва ўзаро қўллаб-қувватлашга асосланади. Бизнинг ягона мақсадимиз – икки томонлама муносабатларни фаоллаштириш. Бизни минтақавий ва халқаро хавфсизликни мустаҳкамлаш ва ҳамкорликни ривожлантириш истаги ҳам бирлаштиради. Хитой билан ҳар томонлама стратегик шерикликни янада ривожлантириш биз учун жуда муҳим”, дейди Тўқаев.

Унинг сўзларига кўра, Қозоғистон Хитойга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини кенгайтиришдан манфаатдор. Биргина ўтган йилнинг ўзида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 780 миллион доллардан ортиқни ташкил этган.

Қозоғистон раҳбари республика Хитойга дуккакли экинлар, юқори сифатли экологик тоза совутилган мол гўшти, қўзичоқ гўшти етказиб беришга тайёрлигини билдирган.

Хитой раҳбари Қозоғистон Президентига таклифини қабул қилгани учун миннатдорлик билдириб, уни 70 ёшга тўлгани билан табриклаган.

“Бугун сиз Хитойга давлат ташрифингизни амалга оширяпсиз, бу икки томонлама ҳамкорлигимиз юксак даражада эканлигини ва Хитой билан яқин алоқаларингизни яна бир бор тасдиқлайди. Хитой ва Қозоғистон Хитой-Қозоғистоннинг “олтин 30 йиллиги”да янги саҳифа очди. Мамлакатларимиз ўртасида дўстлик анъаналарини янада ривожлантириш ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорликни чуқурлаштириш зарур”, дейди у.

Шунингдек, Қозоғистон ва Хитой ўртасидаги товар айирбошлаш 2022 йилда рекорд даражадан 31 миллиард доллардан ошгани қайд этилди. Хитой раҳбари 2030 йилга бориб ушбу рақамнинг 40 миллиард доллардан оширилишини мақсад қилиб белгилашни таклиф қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон Хитой Си Цзиньпин Қосим-Жомарт Тўқаев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг