Тўқаев “Толибон”нинг Марказий Осиёга қандай хавфи борлигини айтди

Олам 16007
image

Афғонистондаги вазият қўшни давлатларга таҳдид экани кундек равшан, чунки АҚШ ҳарбийлари кетганидан кейин у ерда 85 млрд доллардан ортиқ замонавий қуроллар қолган. Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Шарқий иқтисодий форумдаги нутқи давомида Афғонистондаги вазиятга тўхталиб, шундай фикр билдирди.

“Менимча, бу кўп азият чеккан мамлакатдан чиқадиган таҳдид ва хатарлар аниқ. Америкаликларнинг кетиши билан у ерда жуда катта миқдордаги қурол-яроғ қолди. Қочиқинларнинг чиқиши хавфи сақланиб қоляпти”, деан Тўқаев.

Давлат раҳбари, шунингдек. Қозоғистон Россия ва Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзо давлатлар билан бу нозик масалаларда ягона йўлни танлаганидан мамнунлигини билдирган.

Тўқаев Қозоғистон Афғонистондаги вазиятнинг ривожини ва ҳокимиятга келган толибларнинг сиёсатини диққат билан кузатиб бораётганини қўшимча қилган.

“Биз сўз билан эмас, амал билан ҳукм қилиш керак деган хулосага келдик. Биз бу мамлакатда мустаҳкам тинчлик ўрнатилишини хоҳлаймиз”, деган у.

Маълумот учун, жорий йилнинг май ойида АҚШ бошлиқ халқаро коалиция кучлари Афғонистонни тарк этишни бошлаши билан "Толибон" ҳаракати ҳукумат назоратидаги ҳудудларни эгаллаб ола бошлади. Август ойига келиб, толиблар йирик шаҳарларга юриш бошлади.

Орадан кўп ўтмай, жорий йилнинг 15 август куни Қобулнинг “Толибон” қўлига ўтиши билан Афғонистонда ҳаракат ҳокимияти ўрнатилди. Президент Ашраф Ғани эса истеъфо берганини ҳамда мамлакатни тарк этганини маълум қилди. Ҳокимиятни "Толибон"га ўтишини таъминлаш учун Мувофиқлаштириш кенгаши тузилиб, унга Абдулла Абдулла ва Ҳамид Карзай киритилганди.

Жорий йилнинг 19 август куни эса ҳаракат расмий баёнот билан чиқиб, мамлакатда Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди. "Толибон" вакили Воҳидулла Ҳошимий ҳаракат Афғонистонда демократик давлат қурмаслигини маълум қилди.

Қайд этиш керакки, ҳозирда фақатгина Панжшер вилояти толиблар ҳокимиятини тан олмаяпти. Вилоятда "Толибон"га қарши кучлар йиғилмоқда. Уларга эса машҳур "дала қўмондони" Аҳмад Шоҳ Масъуднинг ўғли Аҳмад Масъуд бошчилик қиляпти.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 345
Рейтинг: 2.9
t
×