Тўқаев Сунакни Қозоғистонга таклиф қилди
Олам
−
18 Март 2023
4639Бугун, 18 март куни Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Остонада Буюк Британия ташқи ишлар вазири Жеймс Клеверлини қабул қилди. Қозоғистон раҳбари учрашув чоғида Буюк Британия Бош вазири Риши Сунакни республикага ташриф буюришга таклиф қилди. Бу ҳақда Қозоғистон Президенти матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, суҳбат чоғида Қосим-Жомарт Тўқаев Бош вазир Риши Сунакга самимий салом ва эзгу тилакларни етказган. Шунингдек, у Буюк Британия ҳукумати раҳбарини ўзи учун қулай бўлган исталган вақтда мамлакатга ташриф буюришини таклиф қилган. Бу икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлашнинг бир қатор аниқ масалаларини муҳокама қилиш учун яхши имконият яратиши айтилган.
Учрашувда сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш истиқболлари муҳокама қилинган. Тўқаев икки томонлама муносабатлар ривожланишидаги ижобий динамикани қайд этган.
“Муносабатларимизни, айниқса, иқтисодиёт ва сиёсий соҳадаги ҳамкорлигимизни шахсан ўзим жуда муваффақиятли, деб баҳолайман. Ўзаро алоқаларимизда ушбу ижобий йўналишни илгари суриш учун кўпроқ ҳаракат қилишимиз керак”, деган Қозоғистон Президенти.
Ўз навбатида, Клеверли Остона ва Лондон ўртасидаги алоқаларнинг ижобий динамикасини қайд этган. Унинг сўзларига кўра, Буюк Британия Қозоғистонда олиб борилаётган сиёсий ислоҳотларни ижобий баҳолайди.
“Мамлакатингиз минтақадаги асосий савдо ҳамкоримиздир. Биз сизда мавжуд иқтисодий ўсиш режаларини амалга ошириш мақсадида биргаликда ишлаш учун яхши имкониятларни кўрмоқдамиз. Солиқ ислоҳоти дастурингиз ўзаро манфаатли иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга ёрдам беради деб ўйлайман”, деган Британия вазири.
Шунингдек, у Қозоғистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Роман Василенко билан учрашган ва у билан мамлакатга энергия экспорти учун муқобил йўлларни топишда ёрдам беришни муҳокама қилган. Бундан ташқари, у Буюк Британия ҳукумати Украинадаги можаронинг Қозоғистонга салбий иқтисодий таъсирини камайтириш учун барча имкониятларни ишга солишини айтган.
Эслатиб ўтамиз, 28 февраль – 1 март кунлари АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ҳам ўз фаолияти давомида биринчи марта Қозоғистон ва Ўзбекистонга ташриф буюрганди. У ҳам Президент Қосим-Жомарт Тўқаев ва Шавкат Мирзиёев қабулида бўлиб, қатор масалаларни муҳокама қилган, Президент Жо Байденнинг месежларини етказганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь