Тўқаев Путиннинг олдидан тўғри Алиевнинг даргоҳига боради. Асосий мавзу нефтми?
Олам
−
18 Август 2022
8800Жорий йилнинг 24 август куни Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Озарбайжонга ташриф буюради ва мамлакат Президенти Илҳом Алиев билан музокара ўтказади. Бу ҳақда бугун, 18 август куни Тўқаев идораси хабар берди.
“Давлат раҳбари 24 август куни Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг таклифига биноан расмий ташриф билан Баку шаҳрига келади. Озарбайжон пойтахтида икки давлат раҳбарларининг тор ҳамда кенгайтирилган таркибдаги учрашувлари бўлиб ўтиши режалаштирилган” дейилади хабарда.
Қайд этилишича, музокаралар кун тартибидан савдо-иқтисодий, транспорт-логистика, маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратган ҳолда икки томонлама стратегик шерикликни ривожлантириш масалалари ўрин олган бўлиб, унинг якунлари бўйича бир қатор икки томонлама шартномалар имзоланиши режалаштирилган.
Шунингдек, давлат раҳбарлари қозоқ нефтини Озарбайжон орқали Европага етказиб бериш масаласига ҳам тўхталиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 7 июль куни Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Қозоғистон Россияни четлаб ўтиб, Каспий денгиздан Европага ўтадиган нефть транзити ташкил этиши ҳақида махсус топшириқ берганди.
Август ойида эса Қозоғистоннинг “КазМунайГаз” (КМГ) давлат компанияси Европага нефть етказиб бериш бўйича Озарбайжоннинг SOCAR компанияси билан музокаралар олиб бораётгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Бироқ мамлакат Энергетика вазири Болат Акчулаков Ҳукумат ҳали қозоқ нефтини Европага Озарбайжоннинг Баку-Тбилиси-Жайҳон қувури орқали етказиш бўйича шартнома имзолашни режалаштирмаётганини маълум қилди. Шу билан бирга, у бундай масалани миллий компаниялар даражасида муҳокама қилиш мумкинлигини қўшимча қилди.
Эслатиб ўтамиз, эртага, 19 август куни Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Сочига ташриф буюради. Ташриф давомида Россия Президенти Владимир Путин билан учрашиб, музокара ўтказади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь