Тўқаев Пашинянни мукофотлади(видео)
Олам
−
21 Ноябрь 2483 4 дақиқа
Бугун, 21 ноябрь куни Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Арманистон Бош вазири Никол Пашинянни “Олтин Қирон” ордени билан мукофотлади. Бу ҳақда Оқўрда матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Тўқаев мукофотлаш маросимидаги нутқида Никол Пашинянни Арманистоннинг ҳақиқий умуммиллий етакчиси деб ҳисоблашини, у мамлакат ривожланишига янги энергия бахш этиб, давлат қурилишининг барча соҳаларидаги ислоҳотларга кучли туртки берганини қайд этган.
“Сизнинг узоқни кўра биладиган раҳбарлигингиз остида Арманистон барқарор тараққиёт йўлига қатъий қадам қўйди, халқаро майдондаги мавқеини мустаҳкамлади, ички бўладими ёки ташқи, ҳар икки йўналишда ўйланган ва масъулиятли сиёсат олиб бориш борасида ибрат кўрсатди. Мураккаб геосиёсий вазиятда сиз ноодатий, қатъий қарорлар қабул қилиш каби қимматли сифатни намоён қилдингиз, бу, шубҳасиз, бутун арман халқига фойда келтиради. Шубҳасиз, бу дўст ва биродар Арманистон тинч ва барқарор ривожланиш йўлини танлаганидан далолат беради, бунда сизнинг тарихий хизматларингиз беқиёс. Айниқса, Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги тинчлик жараёнини илгари суриш ва Вашингтонда якуний ҳужжатни имзолашдаги муҳим ролингизни алоҳида таъкидламоқчиман”, дейди Қозоғистон Президенти.
Қосим-Жомарт Тўқаевнинг қайд этишича, бугун қозоқ-арман давлатлараро муносабатлари стратегик шериклик даражасига кўтарилмоқда.
“Бунга, асосан, мамлакатларимиз ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришдаги сизнинг фаол иштирокингиз сабаб бўлди. Сизнинг фавқулодда ролингиз ва қозоқ-арман муносабатларини ривожлантиришдаги улкан ҳиссангизни эътироф этган ҳолда, бугун сизга Қозоғистон Республикасининг энг олий давлат мукофоти – “Олтин Қирон” орденини топшириш ҳақида қарор қабул қилдим. Ишончим комилки, бу воқеа халқларимизнинг бузилмас биродарлиги, ўзаро ишончи ва келажакка интилишининг яна бир ёрқин рамзига айланади”, дейди Қозоғистон раҳбари.
Никол Пашинян Тўқаевга ва бутун қозоқ халқига Қозоғистоннинг энг олий давлат мукофотини топширгани учун миннатдорлик билдирган ва бу мукофотни арман халқига бўлган алоҳида ҳурмат белгиси сифатида қабул қилишини айтган.
“Биродар Қозоғистон Республикасининг энг олий мукофотига сазовор бўлиш ва уни шахсан сизнинг қўлингиздан олиш мен учун катта шараф. Сиз жуда тажрибали сиёсатчи, давлат арбоби, дипломатсиз, сизнинг баҳойингиз катта аҳамиятга эга. Ишончим комилки, бу мукофот нафақат икки томонлама муносабатларнинг, балки бутун бизнинг катта минтақамзнинг ҳам бундан кейинги ривожланишига хизмат қилади”, дейди Арманистон Бош вазири.
Маълумот учун, Никол Пашинян кеча, 20 ноябрь куни Қозоғистонга учиб келган. Унинг ташрифи икки кун давом этади. Арманистон Бош вазири икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари бўйича бир қатор учрашувлар ўтказиши режалаштирилган. Бугун, 21 ноябрь куни Қосим-Жомарт Тўқаев ва Никол Пашинян кенгайтирилган таркибда музокаралар ўтказган.
Қайд этиш жоиз, “Олтин Қирон” Қозоғистон Республикасининг энг юқори даражали ордени бўлиб, у билан Қозоғистон Республикаси олдида алоҳида хизмат қилган шахслар тақдирланади. “Олтин Қирон” ордени билан тақдирланишга номзодлар Қозоғистон Президенти томонидан белгиланади.
Шу пайтгача ушбу орден билан Россия Федерацияси президенти Борис Елцин (1997 йил 27 февраль), Ўзбекистон Биринчи Президенти Ислом Каримов (1997 йил 2 июнь), Украина президенти Леонид Кучма (1999 йил 7 сентябрь), Хитой Халқ Республикаси раиси Цзян Цзэминь (1999 йил 19 ноябрь), Буюк Британия ва Шимолий Ирландия қироличаси Елизавета II (2000), Германия канцлери Герхард Шрёдер (2003 йил 5 декабрь), Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин (2004 йил 8 январь), Миср президенти Муҳаммад Ҳусни Муборак (2008 йил 13 май), Япония императори Акихито (2008 йил 30 май), Бирлашган Араб Амирликлари президенти Шайх Халифа бин Зайед Ол Наҳаён (2009 йил 20 февраль), Финляндия президенти Таря Ҳалонен (2009), Корея Республикаси президенти Ли Мён Бак (2009 йил 4 май), Франция Республикаси президенти Николя Саркози (2009 йил 5 октябрь), Туркия президенти Абдулла Гул (2012), ўша пайтдаги Туркия бош вазири Ражаб Тойиб Эрдўған (2012), Испания қироли Хуан Карлос I (2013 йил 1 февраль), ўша паайтдаги Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов (2022), Саудия Арабистони подшоҳи Салмон ибн Абдул-Азиз Ол Сауд (2022), Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев (2022 йил 23 август), Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин (2022 йил 14 сентябрь), Қатар Давлати Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний (2022 йил 11 октябрь), Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон (2023 йил 2 май), Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев (2024 йил 8 август), Иордания подшоҳи Абдуллоҳ II ибн Ҳусайн (2025 йил 19 февраль), Қирғизистон Президенти Садир Жапаров (2025 йил 22 август) ва Москва ва Бутун Рус Патриархи Кирилл (2025 йил 17 сентябрь) мукофотланган.