Тўқаев нега Озарбайжондаги саммитга бормади?
Олам
−
08 Июль 14733 3 дақиқа
Жорий йилнинг 4 июль куни Озарбайжоннинг Хонкенди шаҳрида бўлиб ўтган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 17-саммитига Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг нега бормагани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Бу ҳақда “Orda” тахминий сабабларни ёзди.
Бир версияга кўра, Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Москва ва Баку ўртасидаги муносабатлардаги кескинлик фонида Озарбайжонга ташриф буюришдан бош тортишга қарор қилган. Унинг Хонкендига ташрифи Россияда Озарбайжон томонига ёрдам сифатида қабул қилиниши мумкин.
Яна бир версияда айтилишича, Қозоғистон расмиятчиликка амал қилишни афзал кўрган: Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти ҳукуматлараро ташкилот бўлиб, унинг ишида Президент эмас, Бош вазир иштирок этиши керак.
Бошқа бир версияда ёзилишича, Туркия Президенти Эрдўған саммитдан кўп жиҳатдан Шимолий Кипр Турк Республикасини де-факто тан олинишини тарғиб қилиш учун фойдаланган, Қозоғистон раҳбари эса бундай масалаларда доимо эҳтиёткор бўлган.
“Умуман олганда, Тўқаевнинг боришдан бош тортиши мувозанатли кўп векторли сигнал деган хулосага келишимиз мумкин. Бир томондан, Қозоғистон минтақавий форумларда иштирок этиб, Осиёнинг геосиёсий диққат марказида қолмоқда. Аммо бошқа томондан, у Москва ва Баку ўртасидаги зиддиятга аралашмайди, мувозанатни сақлайди ва жамоатчилик босимидан қочади. Бундай қадам Қозоғистоннинг якуний ташқи сиёсати анъаналарига тўғри келади”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, Ўзбекистон раҳбари ҳам саммитда нутқ сўзлади. У узоқ танаффусдан сўнг Афғонистон Муваққат ҳукумати делегацияси иштирок этаётганидан хурсанд экани, қўшни Афғонистонни ташкилотнинг ажралмас бир қисми, кенг кўламли иқтисодий ҳамкорлик ва транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқлик жараёнларининг муҳим иштирокчиси сифатида кўриши ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини билдирди.
Бундан ташқари, Президент Шавкат Мирзиёев Исроил ва АҚШнинг Эронга қилган ҳужумларини қоралади. Ўзбекистон Президенти Эрон Ислом Республикасига қарши ҳарбий амалиётлар бутун минтақани урушга жалб қилиш ва кенг миқёсида атроф-муҳит фалокатининг содир бўлиш эҳтимолини юзага келтирганини билдирди. Шу билан бирга, у Фаластин-Исроил зиддиятини адолатли ҳал этмасдан туриб, Яқин Шарқдаги тинчлик ва барқарорликка эришиб бўлмаслигини айтди ва мустақил Фаластин давлатини ташкил этиш тарафдори эканини таъкидлади.
Туркия, Эрон, Покистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон, шунингдек, Ўзбекистон раҳбарияти қаторида Шимолий Кипр Турк Республикаси раҳбари Эрсин Татар ҳам қатнашди. Жорий йилнинг 3-4 апрель кунлари Самарқандда бўлиб ўтган Марказий Осиё – Европа Иттифоқи биринчи саммитида қабул қилинган декларацияда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон Европа Иттифоқи билан биргаликда Шимолий Кипр Турк Республикасини тан олмасликка келишиб олганди. Ўшанда қабул қилинган баёнотнинг 4-бандида айтилишича, барча давлатларнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига халқаро ва минтақавий доирадаги ҳар қандай форумларда ҳурмат кўрсатиш, шунингдек, бу тамойилларга зид ҳаракатлардан тийилиш мажбурияти олинган.
Марказий Осиёнинг Туркий давлатлар ташкилотига аъзо бўлган 3 давлати – Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва кузатувчи давлат мақомида қолаётган Туркманистон ўзи билан бир тузилма, яъни Туркий давлатлар ташкилотида бўлиб турган ШКТР билан бир стол атрофида тўпланса-да, уни рад этади.
Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 17-саммитида Туркманистон ва Покистон Президентлари ҳам иштирок этмаган.
Live
Барчаси