Тўқаев Наврўзни “қонли январь” фожиалари марказида нишонлади
Олам
−
21 Март 2022
5414Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Наврўз байрамини пойтахтликлар билан эмас, балки “қонли январь” воқеаларининг фожиавий маркази бўлган Олмаотада нишонлади. Давлат раҳбари шаҳардаги байрам тантаналари ўтаётган ҳудудга бориб, нутқ сўзлади.
“Олдинда бизни кенг кўламли ислоҳотлар, янги Қозоғистон қурилиши кутмоқда. Ва сизлар, ёшлар билан биргаликда бу янги мамлакатни, янги Қозоғистонни, иккинчи республикани албатта қурамиз ва муваффақиятга эришамиз”, дейди у шаҳар аҳолисига мурожаат қилиб.
Президент нутқи республика телеканаллари орқали жонли эфирда намойиш этилди.
Давлат раҳбари январь ойидаги тартибсизликлар чоғида Олмаота қароқчилар ва террорчиларнинг марказига айлангани, бегуноҳ одамлар ҳалок бўлгани ва жабр кўргани, шаҳар инфратузилмасига катта зарар етказилганини эслади.
"Олмаоталиклар, бунинг учун сизлардан миннатдорман, давлатчилигимиз учун мисли кўрилмаган таҳдид олдида қотиб қолганингиз йўқ. Сизлар танқидий паллада бирлашдингиз, бутун мамлакат сиз билан эди. Халқимиз бирлиги ва ҳамжиҳатлиги туфайли бу оғир синовдан ўтдик”, дейди Тўқаев.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 16 март куни мамлакат Парламенти йиғилишида иштирок этган Президент Қосим-Жомарт Тўқаев қозоғистонликларга мурожаат қилиб, Қозоғистоннинг ташқи ва ички душманлари январь ойида бўлиб ўтган тартибсизликлар пайтида ҳокимиятни эгаллаб олишни режалаштирган бўлганини очиқлади.
Қозоғистондаги намойиш
Қозоғистонда 2022 йилнинг биринчи кунларида оммавий норозилик намойишлари бошланди — мамлакат ғарбидаги Жанаозен ва Ақтау шаҳарлари аҳолиси суюлтирилган газ нархининг икки баробар ошишига қарши чиқди. Кейинчалик норозилик намойишлари бошқа шаҳарларга, жумладан, эски пойтахт ва Республиканинг энг йирик шаҳри Олма-отага ҳам тарқалди: у ерда талончилик бошланди, намойишчилар давлат муассасаларига ҳужум қилишди, қурол-яроғларни олиб кетишди. Бунга жавобан расмийлар 19 январга қадар бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат эълон қилди ва аксилтеррор операциясини бошлади. БМТ маълумотларига кўра, Қозоғистондаги намойишлар чоғида 1000 га яқин одам жароҳатланган. Мамлакат Бош прокуратураси маълумотларига кўра, тартибсизликлар натижасида 4578 киши жароҳатланган, 225 киши ҳалок бўлган, улардан 19 нафари хавфсизлик хизмати ходимлари.
5 январь куни эрталаб Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ҳукуматни истеъфога чиқарди ва Хавфсизлик кенгашига ўзини раҳбар этиб тайинлади. Ўз раҳбарлигидаги Хавфсизлик кенгашининг биринчи йиғилишида Тўқаев Қозоғистондаги вазиятни давлат яхлитлигига путур етказувчи деб баҳолади ва “террорчилик таҳдидини енгишда” КХШТдан ёрдам сўраганини айтди. КХШТ Коллектив хавфсизлик кенгаши мамлакатдаги вазиятни нормаллаштириш учун Қозоғистонга коллектив тинчликпарвар кучларни юборишга қарор қилди.
7 январь куни Тўқаев террорчилар, жумладан, хориждан келганлар ҳам қаршилик кўрсатишда давом этаётганини айтиб, қуролини ташламаганларни йўқ қилишга ваъда берди. Бундан ташқари, Президент фуқароларнинг тинч шаклда билдирилган барча талаблари тингланганини таъкидлади.
13 январь куни КХШТ миссияси муваффақиятли якунлангани эълон қилинди. 19 январь куни Қозоғистон Мудофаа вазирлиги Республикада хорижлик ҳарбий хизматчилар қолмаганини очиқлади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь