Тўқаев Мирзиёевнинг “аср лойиҳаси”га бош қўшмоқчи

Олам 14474
image
-

Қозоғистон Марказий ва Жанубий Осиёни боғловчи трансафғон темир йўли лойиҳасига қўшилишга тайёр. Бу ҳақда бугун, 21 июль куни мамлакат Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида ўтаётган Марказиё Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувидаги нутқида айтиб ўтди.

Тўқаевнинг таъкидлашича, минтақанинг транспорт алоқасини ошириш, транзит шароитларини изчил яхшилаш зарур.

“Харитага бир марта кўз югуртириш Марказий Осиёнинг ноёб географик жойлашувидан далолат беради. Янги геосиёсий воқеликда минтақамизнинг трансконтинентал савдони рағбатлантириш ва ривожлантиришдаги роли жадал ўсиб бормоқда”, деган Тўқаев.

У бундай шароитда Қозоғистон Транскаспий халқаро транспорт йўналишини фаол ривожлантираётганига тўхталиб, 2017 йилдан буён мазкур йўлак йўналишлари бўйлаб контейнер ташиш деярли уч баробарга ошганини таъкидлаган.

“Бундан ташқари, Қозоғистон “Мозори Шариф-Кобул-Пешовар” темир йўли қурилишида иштирок этишга тайёр. Хусусан, темир йўл устки иншоотларини материаллар билан узлуксиз таъминлаш ва ҳаракат таркибини етказиб бероламиз”, деган Тўқаев.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил бошида Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон янги транспорт йўлаги: Термиз – Мозори-Шариф – Қобул – Пешовар бўйича “йўл харитаси”ни имзолаган эди. 

Жорий йилнинг 18 июль куни Афғонистон ҳудудида “Термиз-Пешовар” темир йўл алоқасини ўрнатиш бўйича Ўзбекистон, Покистон ва Афғонистоннинг қўшма лойиҳасининг йўналиши ҳамда техник-иқтисодий асосларини аниқлаш бўйича экспедиция ишлари бошланди.

Лойиҳа Европа Иттифоқини, Россияни Марказий Осиё давлатлари, шунингдек, Ҳиндистон ва Жануби-Шарқий Осиё давлатлари билан боғлаши керак.

Ўзбекистон айнан Афғонистон орқали темир йўл қуриб, денгизга чиқишни режа қилган. Бу учун бир неча йирик лойиҳалар ҳам тайёрланган. 2021 йилнинг июль ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” номли йирик халқаро анжуман айнан ушбу лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган. Бундан ташқари, Президент Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг июнь ойида Сурхондарё вилоятига қилган ташрифида Ўзбекистонни денгизга олиб чиқиши мумкин бўлган Мозори-Шариф – Қобул – Пешавор темир йўли қурилишини юқори баҳолаб, уни “аср лойиҳаси”, деб атаган эди. Ушбу темир йўл линияси айнан Сурхондарё вилоятининг маъмурий маркази Термиздан бошланади.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 312
Рейтинг: 3.1
t
×