Тўқаев Халқаро гидроэнергетика консорциумини яратиш ташаббуси билан чиқди
Олам
−
15 Сентябрь 2023
2473Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Марказий Осиё давлатлари учун халқаро сув-энергетика консорциумини яратиш ташаббуси билан чиқди. Бу ҳақда у бугун, 15 сентябрь куни Душанбеда бўлиб ўтган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси (ОҚХЖ) таъсисчилари – Давлат раҳбарлари кенгашининг йиғилишида сўз очди.
Тўқаев минтақадаги барча давлатларнинг ирригация, гидроэнергетика ва экология соҳаларидаги манфаатларини ҳисобга олган ҳолда Марказий Осиё сув-энергетика ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича узоқ муддатли ва барқарор минтақавий ҳамкорлик механизмини яратишни таклиф қилди.
“Бизнинг фикримизча, бундай механизм ролини Халқаро гидроэнергетика консорциуми ўйнаши мумкин. Бундан ташқари, Орол денгизи ҳавзасидаги сув ресурсларини ҳисобга олиш, мониторинг қилиш, бошқариш ва тақсимлашнинг ягона автоматлаштирилган тизимини жорий этиш бўйича иш режасини ишлаб чиқиш зарур. Ушбу ташаббуснинг амалга оширилиши минтақада сувдан фойдаланишнинг шаффофлигини таъминлайди ҳамда Марказий Осиё давлатлари билан мулоқот ва дўстликни мустаҳкамлашга хизмат қилади”, деган Тўқаев.
Шунингдек, у Қирғизистоннинг ҳам ушбу жамғарманинг тўлақонли аъзоси бўлишидан умидворлигини билдирган.
“Биз Бишкекнинг жамғарма фаолиятини такомиллаштириш бўйича ишчи гуруҳи фаолиятидаги иштирокини ижобий баҳолаймиз. Умид қиламизки, Қирғизистон Республикаси яна Оролни қутқариш халқаро жамғармасига тўлақонли аъзо бўлади. Келгусида биз қардош Қирғизистон томонининг жамғармага раислик қилишини мамнуният билан қарши оламиз”, дея хулоса қилди Президент.
Маълумот учун, ОҚХЖ 1993 йилда Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари томонидан экологик инқирозни бартараф этиш ва Орол денгизи ҳавзасидаги ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилаш мақсадида ташкил этилган бўлиб, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ушбу жамғарманинг аъзолари ҳисобланади. Қирғизистон эса 2016 йилда жамғармадаги иштирокини тўхтатган. 2020 йилдан буён Тожикистон ОҚХЖга раислик қилиб келаётган эди. Ушбу йиғилишда жамғарма раислиги Қозоғистонга ўтди.
Эслатиб ўтамиз, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон мазкур тадбирда ОҚХЖ таркибида Марказий Осиёдаги энергетика масалаларини тартибга солиш учун комиссия тузишни таклиф қилганди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев эса сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш бўйича минтақавий музокараларга Афғонистонни ҳам қўшиш кераклигини айтиб ўтди. Шунингдек, у “Қўштепа” канали қурилишининг барча жиҳатларини халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда ўрганиш бўйича Қўшма ишчи гуруҳ тузиш зарурлигини таъкидлаган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь