Тўқаев Қозоғистон ҳукумати таркибини ўзгартирди
Олам
−
02 Сентябрь 2023
7601Кеча, 1 сентябрь куни Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев бир қатор вазирликлар раҳбарларини эгаллаб турган лавозимларидан озод қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Президентнинг тегишли фармонлари билан Қозоғистон Ички ишлар вазири Марат Ахметжанов, Ахборот ва ижтимоий ривожланиш вазири Дархан Қидирали, Маданият ва спорт вазири Асхат Оралов, Экология ва табиий ресурслар вазири Зулфия Сулейменова лавозимидан озод этилган.
Шунингдек, Бош вазир ўринбосари – Савдо ва интеграция вазири лавозимида ишлаб келган Серик Жумангарин ишдан олиниб, Бош вазир ўринбосари мавқеини сақлаб қолган. Худди шундай, Тамара Дуйсенова ҳам Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири вазифасидан озод қилинган ва Бош вазир ўринбосари лавозимини сақлаб қолган.
Ўз ўрнида, Ички ишлар вазири ўринбосари лавозимида ишлаб келган Ержан Саденов эндиликда ушбу вазирликнинг раҳбари этиб тайинланган. Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигига эса Светлана Жакупова раҳбар бўлган. Саноат ва инфратузилмани ривожлантириш вазири лавозимида ишлаб келган Марат Қорабоев эса янги ташкил этилган Транспорт вазирлигига раҳбар этиб тайинланган.
Қайд этиш жоизки, Саноат ва инфратузилмани ривожлантириш вазирлиги Транспорт вазирлиги ҳамда Саноат ва қурилиш вазирлигига ажратилган. Бундан ташқари, Ахборот ва ижтимоий ривожланиш вазирлиги Маданият ва ахборот вазирлигига, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги эса Туризм ва спорт вазирлигига айлантирилган.
Шу муносабат билан, Аида Балаева Маданият ва ахборот вазири этиб, Ермек Маржикпаев эса Туризм ва спорт вазири этиб тайинланган.
Шунингдек, Тўқаев Қозоғистон халқига Мурожаатномасида мамлакатда яна бир вазирлик – Сув хўжалиги ва ирригация вазирлиги ташкил этилишини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Қосим-Жомарт Тўқаев Қозоғистон Республикаси Президенти Администрацияси тузилмасини қайта ташкил этиш тўғрисидаги фармонни имзолаганди. Президент Администрациясида бошқарув тузилмаси ўзгаргани муносабати билан бир қатор мансабдор шахслар эгаллаб турган лавозимидан озод этилганди. Ўзгартиришлар муносабати билан давлат раҳбари бир қатор тайинловларни амалга оширди, жумладан, ўзининг янги ёрдамчиларини тайинлади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь