Тўқаев Эрдўғанни мукофотлади
Олам
−
12 Октябрь 2022
3892Бугун, 12 октябрь куни давлат ташрифи билан Қозоғистонга келган Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған I даражали “Дўстлик” ордени билан тақдирланди. Маросим чоғида Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Туркия Президентини ўз мамлакатини олға етакловчи ҳақиқий йетакчи, деб атади.
“Конструктив сиёсатингиз туфайли Туркиянинг дунёдаги нуфузи ошди. Бутун жаҳон ҳамжамияти мамлакатингизни ривожланган, улкан салоҳиятга эга давлат сифатида ҳурмат қилади. Қадим замонлардан бери Туркия биз билан муштарак илдизлар билан боғланган давлатдир. Сиз Қозоғистоннинг энг яқин ва ишончли стратегик ҳамкорисиз”, дейди Қозоғистон раҳбари.
Қозоғистон Президентининг сўзларига кўра, Ражаб Тойиб Эрдўған икки халқни боғловчи қардошлик ришталарини мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшмоқда.
“Мен бу ҳиссани юқори баҳолайман. Сизнинг тинимсиз саъй-ҳаракатларингиз қардош мамлакатларимизни умумий манфаатлар йўлида бир-бирига яқинлаштиришга қаратилган. Дастлаб кенгаш сифатида ташкил этилган ва бугунги кунда тўлақонли ташкилотга айланган Туркий давлатлар ташкилоти бунинг ёрқин тасдиғидир. Бундан ташқари, тинчликпарварлик борасидаги саъй-ҳаракатларингизни алоҳида таъкидламоқчиман. Биз глобал инқирозлар ва минтақавий муаммоларни ҳал этиш бўйича ташаббусларингизни қўллаб-қувватлаймиз”, дейди Қосим-Жомарт Тўқаев.
У Қозоғистон Туркия билан стратегик шерикликка асосланган кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдор эканини таъкидлади. Қардош мамлакатлар келажакка биргаликда қадам ташлаётганини айтди.
“Биз абадий дўстлик ва биродарлик йўлидан боришда давом этамиз. Сиз Қозоғистон-Туркия муносабатларининг изчил ривожланишига беқиёс ҳисса қўшяпсиз. Бу соҳадаги беқиёс тарихий хизматларингизни инобатга олиб, I даражали “Дўстлик” ордени билан тақдирлашга қарор қилдим. Бу қарор, шубҳасиз, икки томонлама муносабатлар йилномасига олтин ҳарфлар билан ёзилади. Мен бундан буён ҳам бор куч-ғайратимни халқларимиз дўстлиги ва ўзаро ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлашга йўналтиришга тайёрман”, дейди Президент.
LiveБарчаси