Тўқаев Бош вазир ўринбосарини ишдан олди
Олам
−
12:19
2261Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Бош вазир ўринбосари – Миллий иқтисодиёт вазири Нурлан Байбазаровни лавозимидан озод этиш ҳақидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда Оқўрда матбуот хизмати хабар берди.
Нурлан Байбазаров 2024 йил 6 февралдан буён Бош вазир ўринбосари – Миллий иқтисодиёт вазири лавозимида ишлаб келаётганди. Бунгача у 2004 йилдан 2011 йилгача лойиҳалар бўйича агентлик хизматлари бўлими бошлиғи, инвестиция лойиҳалари бўйича бошқарувчи директор, корпоратив ривожланиш департаменти директори, Қозоғистон тараққиёт банки АЖ корпоратив котиби лавозимларида ишлаган. 2013-2016 йилларда Қозоғистон Республикаси Миллий иқтисодиёт вазирлигининг Иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш бошқармасига раҳбарлик қилган.
Бундан ташқари, йиллар давомида у акциядорлик жамиятларида ишлаган: “НК Қозоғистон темирйўли” АЖ, “КазМунайГаз Консалтинг” АЖ, “КазМунайГаз” НК.
2016 йилдан 2022 йил ноябригача “Саноатни ривожлантириш жамғармаси” акциядорлик жамияти директорлар кенгаши аъзоси ва бошқаруви раиси бўлган. 2022 йил ноябридан 2023 йил октябрига қадар “Қозоғистон тараққиёт банки” АЖ бошқаруви раиси бўлган. “Байтерек” Миллий бошқарув холдинги АЖ Ягона акциядорининг 2023 йил 5 октябрдаги қарори билан Холдинг бошқаруви раиси лавозимига тайинланган.
Оқўрда матбуот хизмати Нурлан Байбазаров нима сабабдан ишдан бўшатилгани, шунингдек, унинг ўрнига бу лавозимга ким тайинланиши ҳақида батафсил маълумот бермади.
Эслатиб ўтамиз, 16 декабрь куни Қирғизистон Президенти Садир Жапаров мамлакат Вазирлар Маҳкамаси раиси Оқилбек Жапаровни ишдан олганди. 18 декабрь куни Қирғиз Республикаси Жогорку Кенеши йиғилишида Президент Оқилбек Жапаровни Солиқ хизмати раҳбарияти ва ходимларига нисбатан жиноят иши кўриб чиқилаётганда манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш мақсадида ишдан бўшатганини тушунтирди.
LiveБарчаси