Тўқаев БМТ Хавфсизлик кенгашини ислоҳ қилишга чақирди
Олам
−
08 Июнь 2023
3952Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ягона универсал глобал ташкилот бўлиб қолаётган бўлсада, унинг Хавфсизлик Кенгаши ислоҳ қилиниши керак, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда у бугун, 8 июнь куни Остона халқаро форумининг ялпи мажлисида айтиб ўтди.
“Биз БМТ ташкил этилганидан буён қурилган дунё тартиби асосларига путур етказилаётганига гувоҳ бўляпмиз. БМТ барчамизни бирлаштирган ягона универсал глобал ташкилот бўлиб қолмоқда. Бироқ Хавфсизлик Кенгашининг кенг қамровли ислоҳотисиз бу муаммога дош бера олмаймиз”, деган Тўқаев.
Шунингдек, Қозоғизстон етакчиси БМТ Хавфсизлик Кенгаши таркибида “ўрта кучлар” вакилларининг овози салмоқлироқ бўлиши ва эшитилиши учун уни ўзгартиришни таклиф қилган.
“Бизни ажратган собиқ “блок” фикри 30 йилдан сўнг қайтиб келганига ҳам гувоҳ бўлмоқдамиз. Бўлиниш кучлари фақат геосиёсий хусусиятга эга эмас. Уларнинг иқтисодий таъсири ҳам бор. Иқтисодий сиёсатнинг ўзи очиқдан-очиқ қурол сифатида қўлланилади. Бу мухолифатга санкциялар ва савдо урушлари, мақсадли қарз сиёсати, молиялаштириш манбаларига киришни чеклаш ёки улардан ажратиш ва инвестицияларни назорат қилиш киради. Бу омиллар биргаликда сўнгги ўн йилликлардаги глобал тинчлик ва фаровонлик асоси бўлган пойдеворга: эркин савдо, глобал инвестициялар, инновациялар ва адолатли рақобатга аста-секин путур етказмоқда”, деган Қозоғистон раҳбари.
Қозоғистон раҳбарининг сўзларига кўра, юқоридаги омиллар оқибатида дунёда ишончсизлик кучайиб бормоқда, бу эса таниқли халқаро форумлар, мавжуд асослар, хавфсизлик режимлари, ядро қуролини тарқатмаслик механизмлари фаолиятига салбий таъсир кўрсатмоқда.
“Шундай қилиб, биз ноаниқлик, кучайиб бораётган беқарорлик ва можароларга дуч келяпмиз. Бу, ўз навбатида, ҳеч нарсага кафолат бермайдиган сўнгги қуролларга сарфланадиган харажатларни кўпайтиришни рағбатлантирмоқда. Ярим асрда биринчи марта ядро қуролидан фойдаланиш истиқболига дуч келаётганимиз ҳам буни тасдиқлайди. Буларнинг барчаси биз зудлик билан экзистенциал иқлим ўзгариши таҳдидига эътибор қаратишимиз керак бўлган бир пайтда содир бўлмоқда”, дея тушинтирган Тўқаев.