Тўқаев байрамда ОАВ ходимларига уй берди
Олам
−
28 Июнь 3167 2 дақиқа
Қозоғистонда 28 июнь – Оммавий ахборот воситалари ходимлари кунини нишонлаш доирасида “Дара” Президент ташаббуслари жамғармаси мамлакатнинг етакчи оммавий ахборот воситалари ходимларига Президент Қосим-Жомарт Тўқаев номидан квартиралар учун сертификатларни топширди. Бу ҳақда “Казинформ” хабар берди.
Маросимда Президент маслаҳатчиси, Президент матбуот котиби Руслан Желдибай оммавий ахборот воситалари ходимларини касб байрамлари билан табриклади.
“Давлат раҳбари Қосим-Жомарт Тўқаевнинг топшириғига кўра ушбу тадбир учинчи йилдирки ташкил этилмоқда. Бу Президентимиз мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари ходимларини изчил қўллаб-қувватлаётганидан далолатдир. Бу йил уй-жойларни нафақат журналистлар, балки маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг режиссёрлари, операторлари, корректорлари ва бошқа мутахассислари ҳам олмоқда. Бундан ташқари, ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифаларга алоҳида эътибор қаратилди: олувчилар рўйхатига кўп болали оилалар ва ногирон болали оилалар киради. Мен ҳамкасбларимнинг муваффақиятидан чин дилдан хурсандман ва сизни чин қалбимдан табриклайман”, деди Руслан Желдибай.
Янги хонадонларнинг эгалари орасида турли йўналишлар бўйича мутахассислар, медиа продюсерлик операторлари, дуббинг операторлари ҳам бор.
“Давлатимиз раҳбари ташаббусларидан бири – ОАВ вакилларини уй-жой билан таъминлаш “Дара” жамғармасининг доимий кўмагида муваффақиятли амалга оширилмоқда. Жамиятга ижобий таъсир кўрсатувчи, фуқаролар фаровонлигини юксалтиришга хизмат қиладиган лойиҳаларни амалга ошириш асосий қадриятларимиздан бири бўлиб қолмоқда”, деган Президент ташаббуслари “Дара” жамғармаси раҳбари Муҳаммадкали Тауан.
Қозоғистонда 2023 йилда бешта давлат оммавий ахборот воситаларининг 65 нафар ходими мулкни текинга ўтказиш шартномаси бўйича квартира олганди. 2024 йилда 68 та хонадон турли оммавий ахборот воситалари ходимларига берилди. Жорий йилда миллий медиа макон ривожига ҳисса қўшаётган журналист ва техник мутахассисларни манзилли қўллаб-қувватлаш бўйича эзгу анъанани давом эттириб, яна 66 нафар медиа соҳа вакиллари янги хонадонлар калитига эга бўлди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда кеча, 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида “Олтин қалам” миллий мукофоти учун ХИХ халқаро танловининг ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтганди. Унда QALAMPIR.UZ асосчиси Қамариддин Шайхов “Долзарб мавзудаги энг яхши танқидий-таҳлилий материаллар учун” номинациясида мукофотни қўлга киритди.
Live
Барчаси