Тўқаев Арманистонга, Раҳмон Озарбайжонга отланмоқда
Олам
−
13 Апрель
4514Жорий йилнинг 15 апрель куни Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Арманистонга, май ойи охирида эса Тожикистон раҳбари Имомали Раҳмон Озарбайжонга йўл олади. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар хабар берди.
Оқўрданинг маълум қилишича, Қосим-Жомарт Тўқаев 15 апрель куни бир кунлик расмий ташриф билан Арманистонга боради. У ерда Тўқаев Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ва Президент Ваагн Хачатурян билан музокаралар ўтказади.
Ташриф дастури якунлангач, давлат раҳбари Еревандан Қозоғистоннинг тошқин зонасида жойлашган вилоятларидан бирига учади.
Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон эса май ойининг учинчи ўн кунлигида Озарбайжонга давлат ташрифи билан бўлиши кутилмоқда. Бу ҳақда кеча, 12 апрель куни Тожикистон Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳиддин ва озарбайжонлик мавқедоши Жайҳун Байрамов Минскда бўлиб ўтган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ташқи ишлар вазирлари кенгашида маълум қилган.
Вазирлар, шунингдек, май ойининг иккинчи ўн кунлигида Озарбайжонда Тожикистон маданияти кунлари, тожик киноси кунлари ва Озарбайжон-Тожикистон бизнес-форумини ўтказиш юзасидан фикр алмашишган.
Бунгача Имомали Раҳмон 2018 йил август ойида расмий ташриф билан Бакуда бўлган. Апрель ойида Ереванга бўладиган ташриф эса Тўқаевда биринчиси бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон Президенти шу ойда Қозоғистон ва Озарбайжонга бориши маълум бўлган эди.
LiveБарчаси