Тўқаев АҚШ билан ҳамкорликда “олдинга интилиш” зарурлигини айтди

Олам

image

Америка Қўшма Штатлари глобал хавфсизликни мустаҳкамлаш, ядро қуролини тарқатмаслик, иқтисодий барқарорликни таъминлаш ва демократик қадриятларни илгари суриш соҳаларида доимо Қозоғистоннинг стратегик ҳамкори бўлиб келган. Бу ҳақда Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев АҚШ Сенати Миллий хавфсизлик ва ҳукумат ишлари бўйича қўмитаси раиси Гари Питерс билан учрашувда айтиб ўтди.

Тўқаев АҚШ сенаторининг ташрифи икки томонлама ҳамкорлик масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашиш учун яхши имконият эканини таъкидлаган.

“Ўйлайманки, биз кўп нарсага эришдик, аммо шунга қарамай, биз ўзаро манфаатли соҳаларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун олдинга боришимиз керак”, деган Президент.

Суҳбат чоғида Тўқаев Президент Жо Байденни шу йилнинг сентябрь ойида БМТ Бош Ассамблеясида C5+1 форматида бўлиб ўтадиган Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ етакчиларининг биринчи саммитига таклиф қилгани учун миннатдорлик билдирган.

Ўз навбатида, сенатор Тўқаевга АҚШ ва Қозоғистон ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашнинг асосий масалаларини муҳокама қилиш имконияти учун ташаккур айтди.

“Марказий Осиё дунёнинг муҳим қисми, Қозоғистон эса Марказий Осиё минтақасидаги асосий давлатдир. Шу боис, ҳамкорликда ишлаш учун имкониятларимиз борлигига ишонч ҳосил қилмоқчимиз. Аминманки, Президент Байден ҳам шундай фикрда ва у тез орада Нью-Йоркда сиз билан учрашишдан хурсанд бўлади. Бу муносабатларимизни мустаҳкамлаш борасидаги ишларни давом эттиришимизга ёрдам беради”, деган сенатор.

Суҳбатдошлар халқаро ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалаларни ҳам муҳокама қилган.

Эслатиб ўтамиз, 11 август куни Жо Байден Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга мактуб йўллаб, сентябрь ойида Нью-Йоркда C5+1 форматидаги саммитда қатнашишга таклиф қилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Қозоғистон Тўқаев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг