Тўқаев 2026 йил президентликдан кетиши ва Конституцияни ўзгартирмаслигини айтди
Олам
−
03 Январь
8124Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев конституциявий референдум ўтказиш ва 2026 йилги президентлик сайловларида яна иштирок этиш режалари ҳақидаги миш-мишларни рад этди. Бу ҳақда “Egemen Qazaqstan” газетасида чоп этилган интервьюсида айтилган.
“Бу дезинформация. Ишончим комилки, конституцияга ўзбошимчалик билан ўзгартиришлар киритиш, айниқса, бундай фундаментал масала бўйича энди мумкин эмас. Конституциявий ислоҳот асосий қонунга ўзбошимчалик билан ўзгартириш киритиш мақсадида амалга оширилмаган”, дейди давлат раҳбари.
Унга кўра, конституциядаги ягона президентлик муддати ҳақидаги қоида ўзгаришсиз қолмоқда.
“Ушбу меъёр давлатимизнинг мустақиллиги, бирлиги, ҳудудий яхлитлиги ва бошқарув шакли тўғрисидаги меъёрлар каби ўзгармасдир”, дейди амалдаги давлат раҳбари.
Президентнинг тушунтиришича, у ягона етти йиллик президентлик муддати ғоясини 15 йил аввал ёпиқ муҳокамаларда билдирган.
“Кейин бу таклиф қўллаб-қувватланмади. Президент этиб сайланганимдан сўнг ижобий ва салбий томонларини тарозида кўриб, бу ғояни ҳаётга қандай татбиқ этиш ҳақида кўп ўйладим. 2022 йилда супер-президентлик ваколатларини бекор қилишга қаратилган бир қанча муҳим конституциявий ўзгаришлар амалга оширилди. Ва кейин мен ягона етти йиллик муддат ғоясини илгари сурдим. Бу ташаббус халқ томонидан қўллаб-қувватланди. Бу ҳаммасидан дарак беради”, таъкидлади давлат раҳбари.
2022 йил 5 июнь куни Қозоғистонда конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича референдум бўлиб ўтди ва уни 77 фоиздан ортиқ фуқаролар қўллаб-қувватлади. Ўзгартишларга мувофиқ, давлат раҳбарининг ваколатлари қисқартирилди, парламент ва маҳаллий вакиллик органларининг роли сезиларли даражада кучайтирилди, инсон ҳуқуқлари соҳаси тизимли равишда мустаҳкамланди, Конституциявий суд қайта ташкил этилди, ўлим жазоси ниҳоят бекор қилинди, биринчи президент Нурсултон Назарбоевнинг мақоми тўғрисидаги моддалар чиқариб ташланди.
2019 йилда Назарбоев истеъфога чиқишини эълон қилиб, республикадаги ўзгаришларни давом эттирадиган янги авлод раҳбарларининг ҳокимиятга келиши зарурлигини таъкидлади. Конституцияга мувофиқ, давлат раҳбарининг ваколатлари кейинчалик парламент юқори палатаси раиси сифатида Тўқаевга юклатилди. Ўша йилнинг июнь ойида Тўқаев президентлик сайловларида ғалаба қозонди. 2022 йил ноябрида бўлиб ўтган муддатидан олдин сайловда у бир марталик етти йиллик муддатга Қозоғистон президенти этиб қайта сайланди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь