Цукерберг “Миллиардерлар бункери”дан 170 млн долларлик уй сотиб олди
Бу қизиқ
−
13:26 2631 2 дақиқа
Meta компанияси бош директори Марк Цукерберг АҚШнинг Майами штатидан 170 миллион долларга ҳашаматли вилла харид қилди. Бу ҳақда “The Wall Street Journal” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, бу сумма Майами тарихидаги энг қиммат уй савдоси ҳисобланади. АҚШ бўйича бундан қимматроқ битим фақат 2019 йилда миллиардер Кен Гриффин томонидан Нью-Йоркдаги квартира учун тўланган 238 миллион доллар ҳисобланади.
Уйнинг аввалги эгалари – жарроҳ Аарон Роллинс ва унинг рафиқаси мазкур мулкни 2020 йилда 30 миллион долларга сотиб олиб, бир неча йил давомида қасрни қурган. Дастлаб уй 200 миллион долларга сотувга қўйилган, бироқ Цукерберг уни арзонроқ нархда харид қилган.
Тахминан 2800 квадрат метр майдонни эгаллаган виллада спорт зали, гўзаллик салони, массаж хонаси, махфий йўлакли кутубхона, зиёфат зали ва катта аквариум мавжуд. Қурилиш ишлари якунланган бўлсада, айрим пардозлаш ишлари ҳали тугалланмаган.
Мулк Майамидаги Indian Creek номли ёпиқ ва қўриқланадиган ҳудудда жойлашган. Ушбу сунъий орол 41 та сув бўйидаги ҳашаматли уй-жойдан иборат бўлиб, оммавий ахборот воситаларида “Миллиардерлар бункери” деб аталади.
Цукербергнинг қўшнилари орасида Amazon асосчиси Жефф Безос, инвестор Карл Икан, NFL юлдузи Том Бреди, модель Адриана Лима ҳамда Иванка Трамп ва Жаред Кушнер бор.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2026 йилги дунёнинг энг бой одамлари рўйхати эълон қилинганди. Уларнинг жами сармояси тахминан 3,8 триллион долларни ташкил этган.