Трампнинг жиноий иши кўриб чиқилаётган суд биноси олдида номаълум эркак ўзини ёқиб юборди (видео)

Олам

image

Кеча, 19 апрель куни АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трампнинг жиноий иши бўйича ҳакамлар ҳайъати танланаётган Манхеттендаги суд биноси ёнида шахси ҳозирча номаълум эркак ўзини ёқиб юборди. Бу ҳақда “The New York Times” хабар берди.

Эркак маҳаллий вақт билан тахминан 13:35 (Тошкент вақти билан 22:35) да суд биноси қаршисида, Колт-Понд паркида турганида устидан суюқлик сепган. Бу Трамп тарафдорлари учун ўраб олинган паркнинг бир қисмида содир бўлди. Эркак нима учун бундай қилгани номаълум.

Гувоҳлар ва полиция ёнғинни ўчиришга ҳаракат қилган. Жабрланувчи тез ёрдам машинасида олиб кетилган ва у шифохонада вафот этган.

Эркак ўзини ёқиб юборишдан олдин суд ташқарисига ҳукуматга қарши фитна назариялари ва Нью-Йорк университетини танқид қилган варақаларни тарқатган.

Суд 19 апрель куни Трампнинг жиноий иши бўйича ҳакамлар ҳайъатини танлашни якунлади. Ҳозирда 12 та асосий ва олтита муқобил ҳакамлар ҳайъати мавжуд.

Дональд Трампга қарши очилган тўрт жиноий ишдан бири бўйича суд 22 апрель куни Нью-Йоркда бошланади. АҚШнинг собиқ президенти порно-актриса Сторми Дэниелсга тўловларни яшириш учун бизнес ёзувларини сохталаштиришда гумон қилинмоқда. Тергов маълумотларига кўра, Трамп унга 2016 йилги сайлов кампанияси вақтида сукут сақлагани учун пул тўлаган. Трамп 34 та банднинг ҳар бири учун 4 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

АҚШни 2016-2020 йилларда бошқарган Дональд Трамп ҳозирда амалдаги давлат раҳбари Жо Байден билан бирга яна президентлик учун курашмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Дональд Трамп

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг